Корхонанинг экспорт салоҳияти ошмоқда

13:50 17 Январь 2023 Жамият
870 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги «Усмон Шер Шамшод» масъулияти чекланган жамияти ўтган йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидан 21 миллиард сўм даромад кўрди.

Фаолиятини дастлаб Россия ва Қозоғистонга маҳсулот жўнатиш билан бошлаган корхона эндиликда МДҲ давлатлари ва Туркия бозорларига дадил кириб боряпти. Яқинда эса Жанубий Кореядан полиз маҳсулотлари, хусусан, қовун экспорти бўйича буюртма олди.

Айтиш жоизки, бундан беш – олти йилча муқаддам бу ерда қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг бизнес лойиҳа амалга оширилиб, 2,5 гектар майдонда агрологистика маркази ва мева-сабзавотни қабул қилишдан тортиб, қайта ишлаш ва қадоқланган ҳолда буюртмачиларга етказишгача бўлган технологик жараён йўлга қўйилган эди. Натижада корхона Хитой ва Австриядан келтирилган замонавий технологик линияларга эга бўлди. 2 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга совутгичли омборхона барпо этилди. Кейин эса худди шундай сиғимга эга яна бир омбор қурилди. Ҳозир уни хорижий технология билан жиҳозлаш устида иш олиб борилмоқда. Халқаро ISO сертификатига эга корхона транспорт хизматидан ҳам дурустгина даромад кўрмоқда.

Корхона мутахассисларининг билдиришларича, айни пайтда гул карамини ярим тайёр ҳолда қадоқлаб, экспортга жўнатиш тадориги кўриляпти. Асосий мақсад эса экспорт ҳажмини йил охирига қадар 3 миллион АҚШ долларидан оширишдан иборат.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер