Кўримсиз дала шийпони ўрнида замонавий муассаса қад ростлади

14:49 03 Октябр 2023 Жамият
939 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бухоро вилояти Пешку тумани Уйбой қишлоғидаги 31-давлат мактабгача таълим ташкилоти бир пайтлар дала шийпони вазифасини ўтаган, кейинчалик эса мослаштирилган бинода фаолият юритиб келаётганди. Табиийки, у замонавий талабларга жавоб бермай қолган, қолаверса, ташқи таъсирлар оқибатида эскириб, кўримсиз ҳолга тушганди.

Шу йилнинг баҳоридан бошлаб бу ерда қурилиш ишларига киришилди. Мукаммал таъмирлаш юмушлари учун 4 миллиард 314 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада аввалги тор ва кўркини йўқотган бинодан асар ҳам қолмади. Икки қаватли замонавий иншоот қад ростлади. Жанубий Корея андазаси асосида барпо қилинган бинода илгаригига қараганда қатнов ўрни ҳам кўпайди. Энди бу ерда 75 эмас, 120 нафар жажжи ўғил-қиз шаҳардагидан қолишмайдиган даражадаги шарт-шароитларда таълим тарбия олиши, машғулотлар орқали зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши мумкин. Бино томига қуёш панели ҳам ўрнатилди.

Фото: “Халқ сўзи”

Айтиш ўринлики, юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Пешкуда ҳам мулкчиликнинг турли шаклидаги муассасалар ташкил этиш, мавжуд биноларни реконструкция қилиш эвазига 3 – 7 ёшдаги болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасидаги имкониятлар кенгаймоқда. Ҳозир кичкинтойларнинг 85 фоизи шундай муассасаларда тарбияланяпти. Ваҳоланки, бундан икки йил муқаддам бу кўрсатгич 60 фоиз атрофида эди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер