Кореялик ҳамкорлар иштирокида Тошкент вилоятида тиббиёт йўналишида истиқболли лойиҳа амалга оширилади

18:28 15 Июнь 2023 Сиёсат
647 0

Фото: “Халқ сўзи”

Жанубий Кореянинг Геонгги-до музофоти соғлиқни сақлаш ва тиббиёт бошқармаси раҳбари Eom Woun Ja бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев билан учрашди.

Суҳбатда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизимига аҳоли саломатлигини сақлаш, тиклаш ва даволаш учун замонавий тиббий хизматларни жорий этиш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Кореялик ҳамкорлар илгари сурган лойиҳалар амалга оширилгач, вилоятда даволаш, касалликларни эрта аниқлаш, ташхис қўйиш ва самарали даволаш имконияти кенгаяди.

Шунингдек, вилоятда фаолият кўрсатаётган 600 дан зиёд хусусий клиникаларда ҳам бир нечта босқичларни ўз ичига олган замонавий тиббий хизматлар кўлами ортади. Яна бир янгилик — тиббий суғурта тизими кенг жорий этилиб, беморларга кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш амалга оширилади. Айни пайтда ушбу тизим қўшни Сирдарё вилоятида тажрибадан ўтказилмоқда.

Кореялик мутахассисилар иштирокида тузилаётган лойиҳа доирасида тиббиёт муассасаларини онкология, хирургия, геникология, педиатрия йўналишларида малакали мутахассислар билан таъминлаш, айниқса, оналар ва болалар ўртасидаги касалликларни аниқлаш ҳамда самарали даволашда замонавий технологияларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш назарда тутилган.

                                                                                        Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер