Конституция – бу демократия, демократия – бу масъулият демакдир

17:21 18 Апрель 2023 Сиёсат
931 0

Фото: Архив сурат

Мамлакатимизда бугунги тараққиётнинг янги фазаси, кўлами ва хусусиятлари “Давлат-жамият-инсон” дихотомиясини методологик жиҳатдан анча эскириб қолганлигини намоён этди ва унинг тобора ўтмишга дахлдор бўлиб бораётганлигини кўрсатди. Қачонки, анъанавий қадриятлар муайян замон талабига жавоб бермаса уни демократик қадрият билан алмаштирадилар ёки демократик қадрият муайян тарзда анъанавий қадриятларга нисбатан нейтрал бўлса ёҳуд уларни тўлдирса, у ҳолда у амалиётга татбиқ қилинади. Методологиянинг ўзи, аввало, объектив ҳақиқатга яқин бўлиши талаб этилади. Дарҳақиқат, ҳар бир давр воқеалар ҳақиқатини ўрганар экан ва унга етиб бориш учун интилар экан, методологик йўлнинг ўзи ҳам унга яраша бўлиши, яъни аниқ бўлиши керак. Бу, биринчидан, ижтимоий-иқтисодий воқеликка ёндашув хусусиятлари ва парадигмалари доимий равишда ўзгариб, такомиллашиб бориши билан характерланса, иккинчи томондан, ижтимоий ҳаёт ва миллий тараққиёт, унинг тарихий ўзгарувчан характери, динамик мураккаблиги, ижтимоий субъект ривожланиш даражаси, унинг имкониятлари, ҳаётий эҳтиёжлар нисбати ва уларни қаноатлантириш, иқтисодий ва сиёсий турмушни ўз ихтиёри асосида қуришга тўла эркинлик, хусусий мулкка асосланган эҳтиёжлар устуворлиги, инсоний бирликлар, гуруҳларнинг социал алоқалари ва муносабатлари, ижтимоий сифат ва ижтимоий инфраструктура кабилар билан тақозоланади. Тарихдан маълумки, ҳеч бир ижтимоий жараёнлар инсон омилига таянмас экан, у юзаки ва ўткинчи рўё сифатида бирор-бир ижтимоий аҳамиятга эга бўлмайди. Янги Ўзбекистон жамиятининг ҳо­зирги тараққиёт босқичида икки жиҳат кўзга ташланмоқда: биринчи­си, жамиятнинг ҳуқуқий-сиёсий муҳити шахсга кенг имконият­лар бераётганлиги; иккинчиси, шахснинг ўз фаолияти билан жамият ҳуқуқий-сиёсий муҳитига таъсир ўтказаётганлиги. “Инсон-жамият-давлат” ижтимоий давлат тамойили ҳамда “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради» халқчил давлат ғояси, инсон, жамият ва давлат ўртасидаги мувозанат ҳамда уларнинг баравар ривожланиши, бу уч унсурга оид ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятларнинг тенглиги, шунингдек, шахснинг ўзлиги ва жамоавийлик мувозанати Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясида ўз ифодасини топди.

Бу янги ҳодиса инсоннинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларига олий юридик мақом бахш этади:“ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонун билан тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши мумкин эмас”, “ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга”, “ҳеч бир инсон расмий равишда эълон қилинмаган қонунга асосан ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас”, “ҳар ким қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкка, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуққа эга”, “ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин”, “ҳар ким меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга”,” Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга”.

Янгиланаётган Конституция “давлат” – инсонга, унинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий турмуш тарзини эркин танлаб олишини кафолатловчи орган, уларни тартибга солувчи асосий восита, ҳуқуқий ва субординацияга мувофиқ уюштиришни ўз зиммасига олган институт сифатида қайд этади. Ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг умумийлиги, жамият танлаган йўлининг муштараклиги, халқ давлат ҳокимиятининг асосий манбаи ҳамда инсон эрки, ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш умумий тараққиёт белгиси эканлиги давлатни халқ ҳокимиятчилигининг таркибий қисмига айлантиради. Умумий ижтимоий-сиёсий, демократик ва гуманитар тараққиёт мақсади давлатнинг – халқдан, халқнинг – давлатдан бегоналашувига йўл қўймайди: “Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир”, “Давлат инсон ва фуқаронинг Конституцияда ҳамда қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлайди”, “Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди”,“Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш учун зарур тенг шароитларни яратади”, “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва шахсларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади, унинг мазмунини белгилайди”.

Шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари мўътабар ва муқаддасдир. Бироқ, турли-туман ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси бўлмиш инсон (фуқаро) фақат ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиб қолмасдан, жами­ят, давлат ҳамда бошқа фуқаролар олдида муайян мажбуриятларни ҳам ўтайди. Ҳуқуқлар ҳақида гапирилсаю, мажбуриятлар эсга олинмаса, мантиқан ҳам тўғри бўлмайди. Конституция фуқароларга тенглик, озодлик, ижтимоий адолат, мулкка эгалик ва биродарликни ҳаётий воқеликка айлантирувчи турли ҳуқуқларни бериш билан бирга, шу ҳуқуқларга риоя қилишни, улардан ижодий, жамият манфаатларини кўзлаб фойдаланишни талаб қилади. Ҳақиқий демократик жамиятда фуқаро мавжуд ҳуқуқлардан фойдаланувчи боқиманда эмас, балки уларга суяниб, жамиятнинг муаммоларини ҳал этишда фаол қатнашувчи шахс бўлиши керак. 2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 20-мақсадида ҳам фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш каби фуқаролар масъулияти таъкидланган. Агар кишилар ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишга, уларни ўз манфаатлари ва ҳаётий мақсадларига хизмат қилдиришга интилмасалар, энг олижаноб ва мукаммал қонунлар ҳам уларни демократик муҳитида яшашга ўргата олмайди. Ҳуқуқ масъулиятсиз – масъулият эса ҳуқуқсиз яшай олмайди. Буларнинг бирини иккинчисидан ажратиш мумкин эмас, чунки ҳуқуқсиз масъулият қуллик, тобелик бўлса, масъулиятсиз ҳуқуқ бошбодоқликдир. Агар шахс ўзи яшаётган жамиятда эркин фаолият кўрсатишни истаса у ўз эркинлигини бошқаларнинг ҳам эркин бўлиши учун чеклашга мажбур. Худди шу ҳолат ҳуқуқий муносабатларнинг намоён бўлишидир. Масъулият адолатли бўлишнинг мезони сифатида намоён бўлади. Чунки масъулият маънавий хатти-ҳаракат асосида шахсда уч сифатни ҳосил қилади: вужуд поклиги, мустаҳкам ирода, мақбул феъл-атвор.

Демак, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқий мақоми фақат ҳуқуқлар ва эркин­ликлардангина иборат эмас. Балки унга мажбуриятлар мажмуи ҳам киради. Ҳуқуқ ва масъулият инсон фаолиятида амал қилувчи уйғун тушунчалардир. Гарчи ҳуқуқ ижтимоий, мулкий, сиёсий ва айтиш мумкинки, мафкуравий жараёнлар ҳосиласи бўлсада, у жами­ятдаги ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан ўтгандан сўнггина муайян мазмунга эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тута бошлайди. Қонунга оғишмай итоат этилган жамиятдагина демократия қарор топади ва янада мустаҳкамланади.

Сиёсий масъулият

Жамиятдаги жараёнлар ҳар доим ҳам бир текисда амалга ошмайди. Ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар бир мунча машаққат, қийинчиликлар ва қарама-қаршиликлар эвазига амалга ошади. Бунда фуқаролардан ўзига хос масъулият, яъни улардан мавжуд мураккаб жараёнлар олдида эсанкираб қолмаслик, саросимага тушмаслик талаб этилади. Шу боис уларни мустаҳкам ишонч ва қатъий ирода билан енгиб ўтиш ҳар бир фуқаронинг ҳаёт тарзига айланиб бориши лозим. Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек,“Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради». Бинобарин, сиёсий масъулият фуқароларнинг Ватан ва халқ манфаати, мамлакат тақдири ҳамда иши учун фидойилик билан хизмат қилиши, жамият тараққиёти учун камарбаста бўлиши, амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотларда фаол қатнашиши, давлат ва жамиятнинг муҳим масалаларини ҳал қилишда муносиб иштироки, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга кўмак беришидир. Фуқаро сиёсатнинг субъекти сифатида жамиятдаги сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмайди, балки уни англаб олишга ҳаракат қилади ва жамият сиёсий ҳаётида маълум вазифани бажаради. У сайловларда сайловчи сифатида овоз беради, сайлаб қўйиладиган турли вакиллик органлари, жамоат ташкилотларининг ишларида қатнашади ва уларга ўз муносабатини билдиради. Бу жараён қуйидаги масалалар билан бевосита боғлиқликда намоён бўлади:

- сиёсий маданиятга эга ва жамият сиёсий жараёнларида ўзига хос масъулият билан иштирок этадиган фуқаро мамлакатга нисбатан ички ва ташқи таҳдидлар ва хавфлар, жаҳон сиёсати, геосиёсий мақсадларни теран англаб етади, уларга қарши курашиш учун тегишли салоҳиятга эга бўлади;

- юқори сиёсий билим ва кўникмалар соҳиби ўз сиёсий масъулияти орқали жамият ичидаги турли сиёсий кучлар ва гуруҳлар манфаатларини ягона мақсад йўлига мувофиқлаштириш, улар ўртасида мувозанат, консенсус, сиёсий бағрикенгликни вужудга келтириш ва бу орқали ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш ишларига кўмаклашади;

- сиёсий фаол ва сиёсий масъулияти юксак фуқаролар аҳоли ўртасида турли мафкуравий хуружларга нисбатан мустаҳкам иммунитетни шакллантириб, сиёсий профилактика ишларини ташкил этади;

- сиёсий масъулиятга эга бўлган шахс ўз сиёсий имкониятлари, жамиятда тутган ўрни ва эгаллаган мавқейи орқали фуқаролар жипслиги, уларнинг ягона мақсад йўлидаги сафарбарлиги, миллий кўтаринкилик ва жамият ривожланиши жараёнларида кенг иштирок этади;

- сиёсий масъулиятли шахс жамиятдаги ижтимоий-сиёсий институтлар ёрдамида миллий ва диний бағрикенглик, конфессиялараро мулоқот ҳамда ҳамжиҳатликни таъминлашга ҳисса қўшади.

Фуқаролик масъулияти

Ҳозирги даврда жамият ва инсон шиддат билан тезлашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёнида ўзи муносабатларга киришадиган, янгиликлар ва ўзгаришларга мослашадиган фаол фуқарони тақозо этади ва унинг жамият ривожидаги ўрни белгиланмоқда. Демократик қадриятлар амал қилинган шароитда давлат фаолияти фуқаролар назорати остида бўлади. Шунинг учун ҳам жамият ҳаётида содир бўладиган турли ўзгаришлар ва жараёнларда давлатдан кўра фуқаролар масъуллиги кучаяди. Фуқаро масъулияти фуқароларнинг давлат томонидан чиқарилган қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашда ва уларни амалиётга жорий этишда чуқур масъулият билан қатнашишида яққол кўзга ташланади. Масъулият маъмурий жиҳатдан, ижтимоий тартибга солишнинг турли меъёрларини амалга оширишни назарда тутувчи жамоатчилик назоратининг намоён бўлишидир. Бу борада «ўзаро тийиб туриш”, “манфаатлар мувозанати”, ижтимоий шерикчилик”, “бошқарувда ижтимоий назорат” каби ижтимоий-сиёсий категориялар пайдо бўлдики, бу воқеликни амалиётини кучайтириш борасида жамиятда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Демократик сиёсатни воқеликка айлантирадиган фуқаровийлик фақатгина фуқаролик жамиятининг ижтимоий тармоқларида тарбияланиши мумкин. Бундай тармоқлар ихтиёрий бўлганлиги учун, унинг таркибидаги аъзолар шу тармоқ ёки уюшма доирасида қабул қилинган қоидаларига бўйсуниб яшашни истамасликлари жамоа аъзолари томонидан қандайдир қонуний жазо билан эмас, балки оддийгина норозилик билан қарши олинади. Ифода этилган ана шу норозилик уюшма ичидан, яъни оила аъзолари, дўстлар, ҳамкасблар ва маслакдошлар томонидан ифода этилганлиги учун давлат берадиган жазога нисбатан таъсирлироқдир. Айнан ана шу ерда инсоннинг шахсияти, иродаси ва том маънода фуқаро бўлишга қодирлиги шаклланади.

Бахти Очилова,

Фалсафа фанлар доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер