«Конигил—2» лойиҳаси ишга туширилади
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». 2020 йилда Самарқанд шаҳрида илк туризм қишлоғи «Конигил» ташкил этилган эди. Мана, орадан беш йил ўтиб, «Конигил» қишлоғини кенгайтириш ишлари бошланди. лойиҳанинг иккинчи босқичида янги сайёҳлик йўналиши очилиши, меҳмон уйлари ҳамда ҳунармандчилик марказлари бунёд этилиши кўзда тутилган.

— Лойиҳанинг умумий қиймати 45 миллиард сўм бўлиб, 22 гектар ҳудудни ташкил қилади, — дейди вилоят туризм бошқармаси масъул ходими Дилшод Саъдуллаев. — Масканда 72 та лотлар орқали меҳмонхоналар, уй меҳмонхоналари, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари, миллий услубдаги умумий овқатланиш шохобчалари, дам олиш масканлари, узунлиги 2,5 километр бўлган вело ҳамда 3,5 километр пиёдалар йўлаклари қурилади.

Вилоят ҳокимининг таклифига кўра, бир гуруҳ тадбиркорлар ҳамкорлигида ҳозирга қадар Самарқанд шаҳридан оқиб ўтувчи Оби Раҳмат, Сиёб ариқларининг атрофини тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Оби Раҳмат, Хўжа Дониёр маҳалласи аҳолиси, шунингдек, «СФХ» қурилиш корхонасининг 100 га яқин ишчилари Хўжа Дониёр мажмуасидан академик Воҳид Абдуллаев кўчасигача бўлган 2 километрлик ҳудудни тозалаб, ариқнинг икки томонидан 4 метрлик вело ва пиёдалар йўлаклари қуриш ишларини якунлади. Мажмуа атрофидаги 400 метрлик девор-тўсиқ олиб ташланди. 185 дона тунги ёритиш чироқлари ва 80 дан зиёд ўриндиқлар ўрнатилиб, «Сиёбча» каналининг 11 километр қисми ободонлаштирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг