“Кўкда пода боқиб юрибди ҳилол”
Қорақалпоғистон халқ шоири, гўзал шеърлари билан кўплаб диллардан жой олган шоир, таржимон Рустам Мусурмон бугун муборак 60 ёшга тўлди. Ижодкорга узоқ умр, ижодий баркамоллик, тўкис ҳаёт тилаймиз. Таваллуд сана муносабати билан шеърият мухиблари эътиборига қуйидаги шеърларини тақдим этамиз.
ОШИ ҲАЛОЛ
Пода қайтди,
Қирда ёнади гулхан.
Подачи гулханга ётиб бирёнбош
Хуржундан чиқарди битта кўпганнон —
Уфққа ёнбошлаб мудрайди қуёш…
Оши ҳалол,
Подачи,
Оши ҳалол!
Совлиқлар соғилди,
Қўзилар ётди.
Эшикларни ёпди қўраю қўрғон.
Овлоқ дараларнинг кўзлари ёнди —
Тошўчоқда қайнар бир қора қумғон.
Оши ҳалол,
Подачи,
Оши ҳалол!
Ризқу рўз беради булоқ, тоғу тош,
Одамнинг мол боқиб топган нони бол!
Осмонда порлайди юлдузлар бош-бош,
Кўкда пода боқиб юрибди ҳилол!
Оши ҳалол,
Подачи,
Оши ҳалол!
ОНАМНИ ЭСЛАБ
Дарахт каби гуллаб-яшнайди одам,
Ота билан она бахш этур умр.
Униб-ўсиб фарзанд кўргай дарахт ҳам,
Одам ҳам тупроққа отгайдир томир.
Дарахтни йиқолмас шамол, сел, бўрон,
Шохлари бўй чўзиб юксалар кўкка.
Ер остига кирар томири теран,
Дарахтни илдизи ушлайди тикка.
Баҳорда дарахтим гуллар, кўнглим тўқ,
Ширин меваларим ўғлим ва қизим.
Фақат бир армоним – энди онам йўқ,
Тупроққа кўмилди менинг илдизим.
СEВГИ
Ҳаётда очликка чидашим мумкин,
Чидашим мумкиндир сувсизликка ҳам.
Сенсизликка чидай олмайман лекин,
Асло сенсиз яшай олмайман, эркам.
Чидайман тунлари уйқусизликка,
Тинимсиз меҳнатга чидайман кундуз.
Бироқ чидолмайман туйғусизликка,
Жоним, сенсиз яшай олмайман ёлғиз.
Соябонсиз чидай оламан ёзда,
Ўтга ҳам, музга ҳам чидайман, ишон.
Кийимсиз яшашим мумкин аёзда,
Фақат яшолмайман сенсиз ҳеч қачон.
НИЛУФАР
Бир кўриб айрилдим ақлу ҳушимдан,
Гул чирой, гул рухсор, гул ифор –
Тунлари кетмайсан асло тушимдан,
Нилуфар!
Боладек хаёлим ойдек юзингдан
Гул узар, гул ҳидлар, гул ўпар –
Қарайман кўзимни узмай кўзингдан,
Нилуфар!
Сўз – сифат излайман гўзал ҳуснингга –
Гулжамол, гулчеҳра, гулбаҳор…
Муносиб яралган исминг жисмингга,
Нилуфар!
Баҳор, ёз, кузда ҳам, қишда ҳам кўнгил
Гул тилар, гул истар, гул севар.
Кўнглимни умрбод ром айлаган гул –
Нилуфар!
Меҳру муҳаббатнинг изҳори гоҳо –
Гулдаста, гулбаргак, гулчамбар.
Илоҳий муҳаббат тимсоли танҳо –
Нилуфар!
ИҚРОР
Сен учун қиличман, сен учун қалқон,
Бир умр аскарман, бир умр посбон,
Сенга жоним фидо, сенга жон қурбон,
Ватан ва озодлик, аёл, муҳаббат!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг