Китоб, китобхон ва кутубхона
Хабарингиз бор, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва аҳолини кутубхоналарга жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг 18-22 апрель кунлари республикамиз миқёсида «Китобсевар миллат» шиори остида «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилди. Ҳафталик доирасида жойлардаги ахборот-кутубхона марказлари, Маънавият ва маърифат маркази туман ва шаҳар бўлинмалари ҳамкорлигида мактаб ва маҳаллаларда давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, ёзувчи ва шоирлар билан адабий учрашувлар, маҳорат сабоқлари каби кўплаб қизиқарли тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, мамлакатимиз ноширлари чоп этган янги асарлар тақдимоти, арзонлаштирилган китоб савдо-ярмаркалари ҳамда турли акциялар бўлиб ўтди.
Мазкур ҳафталик Хоразм вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди. Зотан, азалдан санъат ва маданият, илму маърифат марказларидан саналган бу кўҳна заминда китобсеварлар, мутолаага ошно бўлиб камолга етаётган ўғил-қизларнинг сафи кенг.
— Дунёда ҳамма нарса эскириши, унинг ўрнини янгиси эгаллаши мумкин, лекин китобларнинг ҳаётимизда тутган ўрни, қадр-қиммати ҳеч қачон ўзгармайди. Аксинча, улар маънавиятимизнинг, қалбимизнинг гўзал обидасига айланиб бораверади, — дейди Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбонов. — Шу соҳада узоқ йиллардан буён фаолият юритаётган вакил сифатинда мени қувонтирадиган жиҳат шуки, ҳаётимизга Интернет, рақамли технологиялар ҳар қанча чуқур кириб бормасин, одамларимиз китобдан узоқлашиб кетмаган. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Беш муҳим ташаббуснинг тўртинчи йўналиши, яъни китоб мутолааси ва китобхонлик тарғиботи борасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган кенг қамровли тадбирлар навқирон авлод вакилларида китобхонлик маданиятини шакллантириб, юксалтиришга замин яратмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори доирасида Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилоят ахборот-кутубхона марказида хизмат кўрсатишнинг янги шаклларига ўтиш, ахборот етказиш сифатини яхшилаш, аҳолини китоб мутолаасига кенг жалб қилиш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий этилди.
Вилоят аҳолисига 80 йилдан зиёд вақт мобайнида зиё улашиб келаётган ушбу маърифат маскани бугун чиндан ҳам бутунлай янгича қиёфа касб этган. Марказ биноси Инвестиция дастури асосида реконструкция қилиниши натижасида бу ерда энг замонавий шароитлар яратилди. Жумладан, ёш фарзанди билан келган китобхонлар учун ўйинчоқлар билан жиҳозланган болалар хонаси, енгил тамаддихона - Bookcafe, китоб дўкони фаолияти йўлга қўйилди. Кексалар ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларга қулай бўлсин учун марказ биносига лифт ўрнатилди. Бу ерда масофадан туриб китоб ўқиш учун вилоятлар ҳамда ривожланган давлатлар кутубхоналари билан электрон алоқа ўрнатиш имконияти, юқори тезликдаги Wi-Fi зонаси мавжуд.
— Реконструкция ишларидан сўнг Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 200 миллион сўмлик янги жиҳозлар ва китоблар етказиб берди, «Қувончбек - Машҳура» масъулияти чекланган жамияти эса жаҳоннинг турли кутубхоналарида сақланаётган ноёб қўлёзмаларнинг аслига яқинлаштирилган нусхаларини яратиб, кутубхонамизга тақдим этди, — дея давом этади Р. Қурбонов. — Бугунги кунда китобхонлармиз фондимиздаги китобларнинг рақамлаштирилган тўлиқ матнли электрон вариантларидан фойдаланиш имкониятига эга. Ўтган йили марказимиз ходимлари 30 минг нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатди. Электрон кутубхонамиздан эса 10 минг нафардан зиёд китобхон фойдаланди. Ахборот-кутубхона марказимиз фонди қарийб 600 минг нусхани ташкил этади. Нодир ва ноёб адабиётлар бўлимида 2000 дан зиёд қўлёзмалар ва қадимий асарлар сақланмоқда. Шунингдек, бу ерда 1940 йилдан шу кунгача чоп этилган газета ва журналлар билан танишишингиз мумкин. Китобхонлар марказда жорий этилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида етакчи ахборот – кутубхона марказлари, жумладан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Россия Федерациясининг Борис Елсин номидаги кутубхонасидаги мавжуд фондлардан бемалол фойдаланадилар.
Айтгандай, ўтган йили вилоятнинг Янгибозор туманида ҳам замонавий дизайнга эга янги кутубхона фойдаланишга топширилди. 200 мингдан ортиқ китоб фондига эга бўлган ушбу зиё маскани бугунги кунда туман ёшларининг қадрдон масканига айланган.
Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг