Хоразмда фуқаро уйидан юз килограммдан ортиқ яроқсиз гўшт топилди
Хоразм вилоятининг Урганч туманида фуқаро уйидан келиб чиқиши номаълум бўлган 125 килограмм гўшт топилиб, йўқ қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 26 октябрь куни вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизматининг карантин тадбирларини таъминлаш ва жамоат тартибини муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Урганч тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари ҳамкорлигида тадбир ўтказди.
Урганч туманида яшовчи фуқаронинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, келиб чиқиши номаълум бўлган 125 килограмм гўшт топилди. Кейинчалик бу гўшт маҳсулотлари вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг озиқ-овқат хавфсизлиги микробиологик ва ветеринария-санитария экспертиза лабораториясининг хулосасига кўра истеъмолга яроқсиз деб топилиб, белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддаси (ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш) билан маъмурий баённома тузилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг