Хоразм вилоятида “Хавфсиз болалик” концепцияси ишлаб чиқилди
Фото: “Халқ сўзи”
Ўқувчи-ёшлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг ва турли хилдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан “Хавфсиз болалик” концепцияси ишлаб чиқилди.
Унда белгиланган чора-тадбирлар доирасида қисқа муддатда вилоятдаги умумтаълим мактабларига туташ автомобиль йўлларига 150 та сунъий нотекисликлар, 316 та видеокузатув мосламалари, 215 та тезликни чекловчи йўл белгилари, 478 та “ташвиш тугмалари” ўрнатилди. Мактабларда ўқувчиларга йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини ўргатиш бўйича махсус майдончалар ташкил қилиняпти.
Ёмон хулқ-атворли, ота-она назоратида бўлмаган ва ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган болалар билан индивидуал тартибда шуғулланиш, уларни вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида “Хавфсиз болалик” концепцияси бўйича тарбиялаш ишлари йўлга қўйилди. Бундан ташқари ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг бекорчиликдан турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида мактабларда хорижий тилларни ва турли касбларни ўрганиш бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.
Умумтаълим мактабларида касбга ўргатиш бўйича махсус хоналарни зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун маҳаллий бюджетдан 20 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг