Хивада қовун сайли бошланди
Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Қадимий ва навқирон Хивада ҳар йили айни пишиқчилик мавсумида ўтказиладиган анъанавий «Қовун сайли» фестивали бошланди.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси тадбир иштирокчиларини самимий табриклаб, Хоразм қовунларининг тарихи ва вилоятда қовунчиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди.

Ушбу нуфузли маданий тадбирда АҚШ, Хитой, Германия давлатларининг мамлакатимиздаги элчилари, дипломатик корпус вакиллари, чет эллик сайёҳлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этмоқда. Барча шаҳар ва туманлар ўзига ажратилган павильонларни байрамона безатиб, ўз ҳудудларида етиштирилган ширин-шакар қовунларнинг кўргазма савдосини ташкил қилди.

Уч кун давом этадиган фестивалда концерт дастурлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий либослар кўргазмалари, дорбоз ўйинлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва қўғирчоқ театри томошалари, миллий таомлар ва Хоразм нонларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, бадиий жамоалар ва фольклор гуруҳларининг жонли ижродаги чиқишлари ҳамда бошқа маданий тадбирлар бўлиб ўтади.




Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг