Хитой ТИВ: Афғонистон ва Покистон низони деэскалация қилишга келишиб олди

09:57 09 Апрель 2026 Дунё
211 0

Афғонистон ва Покистон Хитойнинг Урумчи шаҳрида XХР воситачилигида ўтказилган норасмий маслаҳатлашувлар якунида келишмовчиликларни тезроқ ҳал этиш зарурлиги бўйича консенсусга эришдилар ва кескинликни оширувчи қадамлардан тийилиш мажбуриятини олдилар. Бу ҳақда Хитой ТИВ вакили Мао Нин маълум қилди, унинг сўзларидан ТАСС иқтибос келтирмоқда.

«1 апрелдан 7 апрелгача Хитой, Афғонистон ва Покистон вакиллари Урумчида бир қатор норасмий учрашувлар ўтказдилар. Томонлар келишмовчиликларни мулоқот ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилиш истагини тасдиқладилар, шунингдек, вазиятни чигаллаштирадиган ҳаракатлардан воз кечишга ваъда бердилар», — деди у.

Мао Ниннинг сўзларига кўра, музокараларда дипломатик идоралар, мудофаа тузилмалари ва хавфсизлик органлари вакилларидан иборат идоралараро делегациялар иштирок этган. Иштирокчилар мулоқотни тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишнинг ягона реал йўли деб тан олдилар.

Делегациялар Афғонистон—Покистон муносабатларини ҳар томонлама тартибга солиш йўлларини муҳокама қилдилар ва устувор равишда ҳал қилиниши лозим бўлган асосий муаммоларни белгилаб олдилар.

Қайд этилишича, Хитой мулоқот учун майдон тақдим этишда давом этади ва минтақада амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Эслатиб ўтамиз, 26 февраль куни Покистон ва Афғонистон чегарасида жанглар қайта бошланган эди. Кобул Покистоннинг Афғонистон ҳудудига берган авиазарбаларига жавобан ҳарбий операция ўтказаётганини билдирганди. Покистон Мудофаа вазири Хаважа Асиф эса унинг мамлакати ва Афғонистондаги Толибон ҳукумати очиқ қуролли тўқнашув ҳолатида эканини маълум қилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер