Хирмон тўлиб тўкилсин дон!
Тошкент вилояти Пискент туманида вилоят ва туман ҳокимлиги раҳбарлари, вилоят деҳқон, фермерлар ва томорқа ер эгалари Кенгаши, «Оҳангарондон» АЖ, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, машина-трактор парклари ҳамда фермерларга хизмат кўрсатувчи бир қатор қишлоқ хўжалиги корхона ва ташкилотлари вакиллари иштирокида ғалла ўрим-йиғимига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Жорий этилган карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилган ушбу тадбирда деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган қирмизи донни нобудгарчиликсиз йиғиштириб олиш чоралари хусусида ошкора гаплашиб олинди.
Пискент тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабарига кўра, 183та фермер хўжаликлари томонидан 9 минг гектардан ошиқ майдондаги ғаллазорларда агротехник тадбирлар самарали ташкил этилганлиги туфайли ҳосил тош босиш арафасида. Гектаридан камида 80 центнердан ошириб ғалла ўриб олиниши мумкин.
Бу йилги мавсумда тумандаги ғаллазорлада 24 отряд иш олиб боради. Улар иш унуми юқори бўлган «Жондер», "Claas", «Кейс» русумли комбайнлар билан таъминланган.
Семинарда барча турдаги техникаларнинг мавсумга шайлиги назоратдан ўтказилди. Ишчилардаги фавқулодда ҳолатларда ёнғинга қарши воситалардан фойдаланиш билим ва кўникмалар синаб кўрилди.
Мавсумида ҳар бир дала бошида яратиладиган шарт-шароитлар, таомхоналарнинг карантин қоидаларига тўлиқ жавоб бериш ҳолатлари назоратдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни тезда бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Семинар якунида комбайнчилар ва мавсумда қатнашадиган барча кишиларга «Агробанк» АТБнинг туман бўлими томонидан 500 минг сўмдан аванс пули ҳамда кунлик эҳтиёж учун зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг