Халқаро танловларда ғолиб бўлган ўқувчилар рағбатлантирилади
«Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра 2026–2027 йилларда тажриба-синов тариқасида халқаро нуфузли танловларда ғолиб ва совриндор бўлган Мактаб ва ёзги тўгарак ўқувчилари (жамоалари) ҳамда уларни тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер) қуйидаги миқдорда 1 марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:
- «Гран-при» ва 1-ўрин соҳиби 30 млн сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 20 млн сўм миқдорида;
- 2-ўрин соҳиби 20 млн сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 10 млн сўм миқдорида;
- 3-ўрин соҳиби 10 млн сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 5 млн сўм миқдорида.
Шунингдек, умумхалқ байрам дастурлари ва юқори даражадаги анжуманларнинг бадиий қисмида Мактаб ва ёзги тўгаракнинг иқтидорли ўқувчилари ҳамда ижодий жамоаларининг иштирок этишига шарт-шароитлар яратилиб, қўллаб-қувватланади.
Мактабда аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчиларнинг 10 нафари Мактаб бадиий-педагогик кенгаши қарори билан Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби ҳамда мактаб-интернатларига имтиҳонларсиз қўшимча квота асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг