«Хафа бўлдим» деб ОАВда чиқишдан аввал мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлган бўларди — Тошкент шаҳар ҳокимлиги Журналистлар ижодий уюшмаси раиси эътирозига муносабат билдирди

15:48 28 Сентябр 2021 Жамият
1186 0

Архив сурат

Шу йилнинг 23 сентябрь куни Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган «Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси: муаммо ва ечимлар» мавзуидаги давра суҳбатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2017 йил августдаги Президент қарори ижросини 5 йилдан буён пайсалга солиб келаётганини таъкидлаган эди.

«Мен Тошкент шаҳри ҳокимидан жуда хафаман. Тўғри, шаҳарда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти, буни биз ҳамиша эътироф этамиз, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ президентимизнинг 2017 йил 10 августда «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Тўрттагина банддан иборат қарорда Тошкент шаҳар ҳокимлигига Тошкент шаҳрининг Ислом Каримов кўчасидаги 15а-уйдан уюшма учун жой бериш вазифаси юклатилган. Мана, орадан қарийб беш йил вақт ўтди. Лекин ҳалигача уюшмага жой ажратилгани йўқ. Ҳалигача ахборот соҳасидаги ваколатли давлат органининг биносида ижарада ўтирибмиз.

Президент сайлови муносабати билан юртимизга кўплаб хорижий журналистлар ташриф буюрмоқда. Уларнинг кўпчилиги уюшма фаолияти билан танишиш истагида бизга мурожаат қилишмоқда. Аммо гапнинг очиғи, биз уларни қабул қилиш учун ҳозирги ҳолатимиздан уяляммиз», деган эди Олимжон Ўсаров давра суҳбатида.  

Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг эътирозига Тошкент шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди.

«Сўнгги йилларда журналист ва ижодкорларга алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Президентнинг 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳам ижодкорлар учун мавжуд шароитларни янада яхшилаш ва имтиёзлар белгиланган.

Хусусан, қарорда Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам маълум вазифалар юклатилган.

2021 йилнинг 23 сентябрь куни қатор ОАВлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг «5 йилдан бери Президент қарори ижроси таъминланмаяпти» деган фикрларини келтирган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Президентнинг юқоридаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўша йилнинг ўзидаёқ тегишли чора-тадбирларни амалга оширган.

Жумладан, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Ислом Каримов кўчаси, 16-А уй биноси бошқа давлат идоралари билан тўлганлиги сабабли, Журналистлар ижодий уюшмасига Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н. Максумов томонидан имзоланган хат (2018 йил 6 июлда 03-780 сонли)га асосан учта бино таклиф этилган.

Хусусан, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси 1-уй манзилидаги бино, Мирзо Улуғбек тумани Мустақиллик шоҳкўчаси 71-уй манзилида жойлашган бинонинг 4-қавати ва Яшнобод тумани 22-ҳарбий шаҳарчада жойлашган бино шулар жумласидандир.

Аммо Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси таклифга нисбатан ҳеч қандай жавоб бермаганлиги сабабли ўша пайтда бу масала очиқ қолган.

Ҳозирги кунда бу учта таклиф ҳам ўз кучини йўқотган. Сабаби шаҳарда катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Кўплаб бинолар бузилди, кўпларининг ўрнига янгилари бунёд этилди. Буни Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров билиши, юқоридаги масала юзасидан фикр билдиришдан аввал масалани ўрганиши лозим эди.

Тўғри, Олимжон Ўсаровнинг уюшмага раҳбар бўлганига энди тўрт ой бўлди. Бу вақт мобайнида ҳамма нарсага улгуриш, ҳамма нарсани билиш қийин. Аммо «хафа бўлдим» деб ОАВда чиқишдан аввал Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ бўлган бўларди», дейилади муносабатда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер