“Каттабоғ”да катта ўзгаришлар юз бермоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Шеробод туманидаги “Каттабоғ” маҳалласида ҳам бўлиб, каттабоғликларнинг турмуш шароити билан танишган, маҳалланинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли даромад манбаини кўпайтириш билан боғлиқ муҳим топшириқлар берган эди. Шунга биноан ўтган салкам ярим йил ичида ушбу маҳаллада жадал суръатда қурилиш ишлари амалга оширилиб, ҳозирда Ёшлар маркази, мактабгача таълим ташкилоти ва маҳалла маркази бинолари фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тақдимот маросимида Сурхондарё вилояти ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳудудий бошқармаси масъуллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маҳаллада барпо этилган Ёшлар марказида ўғил-қизларнинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун зарур шароитлар яратилди. Рақамли технологиялар, электрон тижорат, дастурлаш асослари бўйича ўқув курслари, бахшичилик ва хорижий тил бўйича ҳам машғулотлар йўлга қўйилди. Марказ қошидаги кутубхона эса китобсевар ёшларнинг энг севимли масканига айланиши шубҳасиз.
“Каттабоғ”нинг кўркига кўрк бағишлаб турган 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам тарбияланувчилар учун барча қулайликлар муҳайё қилинди. Кичкинтойлар билан машғулотларни интерфаол усулда амалга ошириш, таълим-тарбия ишларини давр талабларига ҳамоҳанг тарзда олиб бориш учун малакали мутахассислар жалб этилди.
Худди шунингдек, “Каттабоғ” маҳалласи биноси замонавий кўринишга эга бўлди. Бу ерда фуқароларни қабул қилиш, уларга қисқа муддатда хизмат кўрсатиш, туман ташкилотлари билан боғланиш, кутиш хоналари мавжуд бўлиб, аҳолини касбга ўқитиш маркази ҳам фаолият бошлади. Эндиликда маҳаллада “Темир дафтар”ларга киритилган ёшлар ва аёллар талабгор соҳалар бўйича мутахассислар томонидан шу жойнинг ўзида ўқитилади ва уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
Илҳом РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи" мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг