Касб-ҳунар мактаби бир йилда 200 миллион сўм соф даромад топади

15:28 02 Август 2022 Жамият
878 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Бешариқ туманида жойлашган 2-сонли касб-ҳунар мактабида назарий ва амалий билимларни ўзаро уйғунлаштириш, давр талаби ва эҳтиёжи асосида тадбиркорликни ривожлантириш, ўрта бўғинда рақаботбардош мутахассислар тайёрлаш борасида эришилаётган ютуқлар эътиборга сазовордир.

Фарғона водийси, Тошкент, Навоий ва Жиззах вилоятидан келган профессионал таълим муассасаларидан 500 нафардан зиёд директор ва уларнинг молия-иқтисод масалалари бўйича ўринбосарлари иштирокидаги семинарни ўтказиш учун мазкур таълим муассасаси бежиз танлангани йўқ.

— Бугун профессионал таълим муассасаларида хизмат кўрсатиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга, — дейди Фарғона вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов. — Бу борада вилоятдаги 76 та таълим муассасасида бўш ер майдонларидан унумли фойдаланиш, бюджетдан ташқари маблағ ишлаб топиш бўйича ўзига хос тажриба ва анъана шаклланган.

Бешариқ туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактабида биргина балиқчилик йўналишида 6 та интенсив усулдаги ёпиқ ҳавзалар барпо этилиб, жорий йилда 14 тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда. Фермер хўжаликларига 100 минг дона балиқ чавоқлари етказиб берилади. Биогумус, Калифорния чувалчанги етиштириш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш, темирчилик ишлари ҳам йўлга қўйилган.

— Қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантиришга мўлжалланган лойиҳаларимиз жуда кўп,— дейди ушбу касб-ҳунар мактаби директори Алишер Сотволдиев. — 2022 йил якунида мазкур йўналишларда 200 миллион сўм соф даромад олишни мақсад қилганмиз.

Мактабда ўнга яқин йўналишда мутахассислар тайёрланади. Инновацион балиқчилик маркази, биолaбoратория, автопарк, устахона мажмуаси фаолияти орқали хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда аҳоли хонадонларига тўғридан-тўғри хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

Шунингдек, семинарда йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳам иштирок этди. Касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари томонидан тайёрланган кенг ассортиментдаги маҳсулотлар кўргазмаси, инновацион ғоялар асосида амалиётга жорий этилган ишланмалар намойиши тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер