Касб байрами муносиб нишонланди
Фото: Халқ сўзи
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Тошкент вилоятида ҳам муносиб нишонланди. Қибрай туманидаги Uzumfermer.uz экобоғига ташриф буюрган соҳа ходимлари, суяги матбуот даргоҳида қотган, эл-юртга илм-маърифат улашишдек шарафли касбни ардоқлаб, кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари, таниқли журналистлар, телебошловчилар, блогерлар, адиблар, шоир ва таржимонлар вилоят раҳбари вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ва секторлар етакчилари томонидан самимий кутиб олинди.

Вилоят раҳбари соҳа ходимларининг машаққатли, айни дамда шарафли хизмати хусусида батафсил тўхталиб, ҳудуднинг барча туман ва шаҳарлари босма нашрлари Бош муҳаррирларига замонавий компьютер жиҳозлари тақдим этди. Фахрийларга эса эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Жамиятда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган муҳим ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни вилоят аҳолисига холис етказиш, медиа майдонда шаффоф ёритиб боришда алоҳида ташаббус кўрсатган журналист-ижодкорлар секторлар раҳбарлари томонидан рағбатлантирилди.
Сермашаққат ва камсуқум касб эгаларининг байрами шу тарзда камтарона нишонланди.
Фарғона шаҳридаги «Афросиёб» мажмуасида оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистлар, блогерлар, матбаачилар, ноширлар, меҳнат фахрийлари иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда таъкидланганидек, миллий матбуотимизга тамал тоши қўйилиши, кейинги равнақ-ривожида Фарғона журналистикасининг ўз ўрни бор. Бугунги кунда ҳам ушбу анъаналар изчиллик билан давом эттирилиб, соҳа ходимлари томонидан юртимизда, хусусан, вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти халқимизга тезкорлик билан етказиляпти. Вилоятда теле ва радио, босма даврий нашрлар қаторида электрон ОАВ, интернет нашрлари замонавий мезонлар асосида такомиллашиб бормоқда.

Байрамда Фарғона вилоятини ижтимоий-маънавий юксалтиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси, жамият ҳаёти, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашдаги фаоллиги учун бир гуруҳ журналист ва блогерлар Фарғона вилояти ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ҳамда совғалари билан тақдирланди.
— Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги давр ҳар куни олдимизга ўнлаб мавзуларни кўндаланг қўймоқда, — дейди Фарғона вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири Соҳиба Абдураҳмонова. — Шу боис ҳамкасбларимиз учун дунёда ва юртимизда кечаётган турфа жараёнларни тийрак нигоҳ билан кузатиш, тезкорлик ва ҳозиржавоблик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Тантанали тадбир элимиз ардоғидаги санъаткорлар, ёш истеъдодлар иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.
Ш. Мутахаров, Б.Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг