Кармананинг сайёҳлик жозибадорлиги оширилади

17:17 26 Март 2026 Жамият
205 0

Республикамиз Президентининг “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Кармана туманида 80 гектардан ортиқ майдонда “Қадимий Кармана” лойиҳасини барпо этиш вазифалари белгиланган.

— Мазкур лойиҳа Олмазор тумани мисолида амалга оширилади, — дейди Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев. — Яъни, “эски шаҳарлар”нинг шаҳарсозлик қиёфасини миллий ёндашув асосида тартибга келтириш тамойили асосида Кармана шаҳрининг марказий кўчаси ва 3 та ички кўчаларининг қиёфаси этник услубда реконструкция қилинади. Йўл инфратузилмасини яхшиланиб, “Қадимий Кармана” туристик марказига асос солинади.

Таъкидлаш жоиз, 2300 йиллик тарихга эга Карманада ЮНЕСКОнинг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган 5 та маданий мерос ёдгорликлари бўлсада аҳоли ҳордиқ чиқариши учун сўлим маскан, боғларга эга эмас. Табиийки, ушбу омил туристлар оқимини кўпайтириш имконига ўз таъсирини ўтказади. Шу боис шаҳардаги “Мирсаид Баҳром” зиёратгоҳи билан уйғунлаштирилган ҳолда, шу ҳудуддаги 4,5 гектар эски боғ ҳудудида замонавий, барча шароитларга эга бўлган истироҳат боғи барпо этиш ҳам қарорда кўзда тутилган.

Натижада ҳудудда 500 минг нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш имконияти яратилади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер