Кармана туманида “Ташаббусли бюджет” асосида реконструкция қилинган боғча очилди
Фото: Халқ сўзи
“Ташаббусли бюджет” — жамоатчилик фикри асосида маҳаллий инфратузилмани туман, шаҳар, маҳалла ёки қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларига бюджет маблағларининг бир қисмини бевосита фуқароларнинг ташаббуси асосида йўналтиришдир.
Бу жараён биринчи маротаба 2021 йилда бошланган бўлиб, ташаббускор фуқаролар маҳалласи ва қишлоғидаги ижтимоий муаммо юзасидан ўз лойиҳасини “Опен бюджет” портали орқали таклиф қиладилар.
Кармана туманининг Мирсад Баҳром маҳалласидаги 7-давлат мактабгача таълим ташкилоти “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси тақдим этган имконият туфайли мутлақо янги қиёфа касб этди.
— Муассасамиз 1991-йилда қурилган, — дейди ташкилот мудираси Нодира Ҳакимова. — Орадан 29 йил ўтиб, 2020 йилда, унда ҳам иситиш тизимигина таъмирдан чиқарилганди. Албатта, бу вақт ичида аҳоли ва болалар сони ошиб, 140 ўринли боғчамиз маҳалламизнинг бола ўрнига бўлган эҳтиёжини қаноатлантира олмай қолди.
Маҳалла аҳли “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этишиб, ҳудудларидаги ДМТТ реконструкция қилиш орқали бола ўрнини 180 ўринга етказиш бўйича 1 миллиард 200 миллион сўмлик таклифи асосида реконструкция ишлари амалга оширилди. Мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросимида кенг жамоатчилик иштирок этиб, лойиҳанинг қулайлиги алоҳида таъкидладилар.
— Ташаббусли лойиҳаларни туманимиздаги соҳаларга бўлиб қараганимизда, асосан ички йўлларни таъмирлаш, мактаб ва боғчаларнинг шарт-шароитини яхшилаш ва бошқа кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳалар таклиф қилинмоқда, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Э. Кенжаев. — Жамоатчилик фикри асосида яратиладиган бу бюджет аҳолининг ўзларини қийнаётган муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш имкониятини бериб, фуқаролар ва маҳаллий ҳокимиятларнинг ўзаро ҳамкорлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Тадбир давомида маҳалла аҳли болаларга яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишишди. Демак, “Ташаббусли бюджет” ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланишни назорат қилишда ўзига хос механизм ҳамдир.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг