«Карьера куни» — институт битирувчилари учун ажойиб имконият
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд давлат чет тиллар институтида битирувчи босқич талабаларини иш жойларига тақсимлаш мақсадида «Карьера куни» меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирда институт ректори Б. Холиқов ва асосий иш берувчи ташкилот — Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи М. Ҳамдамов мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг аҳамияти, таълим сифатининг ошишига қаратилган эътибор, келажагимиз ворислари учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида сўз юритди.

2024-2025 ўқув йилида Самарқанд давлат чет тиллар институтида 3479 нафар йигит-қиз бакалавр йўналиши ва магистратура мутахассислигини битирмоқда. Самарқанд вилоятидаги 100 га яқин иш берувчи корхона ва ташкилотлар, бўлим ва бошқармалар иштирок этган «Карьера куни» тадбирида институт битирувчилари бўш иш ўринлари билан танишди ва иш берувчи ташкилотлар масъуллари билан шартномалар имзолашди.
Ёшларнинг профессионал ривожланишига ҳисса қўшиш ва бўлғуси мутахассисларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш учун ташкил этилган мазкур тадбирда иш берувчи ташкилотлар битирувчиларга ўзларидаги 1000 га яқин бўш иш ўринлари ҳамда амалий тажриба имкониятларини таклиф этишди.

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 270 нафар битирувчиси ва 18 нафар учинчи босқич талабаси Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасалари, «Air Marakanda» ва бошқа корхоналарга ишга жойлашиш бўйича шартномалар имзолашди.
«Карьера куни» меҳнат ярмаркаси доирасида ўтказилган матбуот анжуманида дастлаб институт ректори Б. Холиқов илм даргоҳида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиликлар, институт меҳнат жамоаси олдида турган вазифалар, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги ташаббуслар, хорижий олий таълим муассасалари ва иш берувчи ташкилотлар билан ўрнатилган алоқалар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг институт талабалари, битирувчилар ва иш берувчи корхона ва ташкилотлар учун бирдай имконият яратиб берган «Карьера куни» тадбири, ундан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳамда тадбир натижалари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг