Карантин даврида тадбиркор ютқазмайди

17:00 10 Апрель 2020 Жамият
2567 0

Мамлакатимизда COVID-19 инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида халқимизга қилган мурожаати зиммамизга катта масъулият юклайди.

Албатта, юзага келган вазият маълум маънода ишлаб чиқаришга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Бироқ шундай оғир вазиятда фуқароларнинг даромадлари камайиб кетмаслиги, ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор ишлаши катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш ва тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса тадбиркорлар учун қатор қулайликлар яратилди.

Жумладан, “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт
тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонга кўра, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди. Бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди. Айтиш мумкинки, ушбу имтиёз тадбиркорларга катта кўмак бўлади.

Тизимдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.

Яратилган яна бир қулайлик, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер, мулк ва ижтимоий солиқлар ҳамда сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилди.

Бугун аксарият тадбиркорлик субъектлари молия муассасалари томонидан берилган кредит ҳисобига фаолият юритаётгани сир эмас. Амалдаги қонунчилик берилган маблағни вақтида қайтаришни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун тадбиркор қонун ҳимоясида. Иқтисодий соҳада юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиш учун ташаббускорлардан янада фаоллик талаб этилади. Бу нафақат даромад ва иқтисодий юксалишга, балки айни вақтда аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Матлубахон ҒАНИЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер