Камчиликларни бартараф этиб, қўшимча енгилликлар беради

13:01 16 Апрель 2021 Жамият
710 0

Президентимиз томонидан жорий йил 1 апрель куни «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонун имзоланди. Хўш, унинг мазмун-моҳияти, афзалликлари нимада?

Аввало, айтиш керакки, бугунги кунда республикамизнинг 650 минг гектарга яқин майдонида деҳқон хўжаликлари фаолият юритмоқда. Аввалги таҳрирдаги қонунда деҳқон хўжаликларига ер ажратиш умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган эди. Шу сабабли, айрим ҳолларда деҳқон хўжалиги ерларига уй-жой қуриб олиш ҳолатлари кузатиларди. Шу боис янги қабул қилинган Қонуннинг 6 моддасида деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун ажратиб бериладиган ер участкалари ижарага (иккиламчи) берилиши аниқ қилиб белгилаб берилди.

Шунингдек, деҳқон хўжаликлари ўз фаолиятини боғдорчилик ва узумчилик ихтисослашуви асосида бериладиган ер участкалари эллик йил муддатга ёки сабзавотчилик, полизчилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун бериладиган ер участкалари ўттиз йил муддатга берилади. Иккиламчи ижарага фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан деҳқон хўжаликларини юритиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисимларида оралиқ қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун бир мавсумга берилади.

Қонуннинг 8 моддасида эса деҳқон хўжаликларини юритиш учун ажратиб бериладиган ер участкалари ҳажми ҳам аниқ қилиб келтириб ўтилди. Яъни эндиликда деҳқон хўжаликларига ташкил этиладиган ер участкалари 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлади. Иккиламчи ижарага эса асосий экиндан бўшаган ер участкаларидан 0, 06 гектардан 10 гектаргача ажратилади.

Қонуннинг 5 моддасида деҳқон хўжалигига кимлар аъзо бўлиши ҳам аниқ қилиб белгилаб қўйилди. Яъни улар оила бошлиғи, унинг хотини (эри), ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган болалари ва набиралари, бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эри (хотини), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эри (хотини) бўлиши мумкин.

Қонунга кўра, деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалигини юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларида, шунингдек, деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи мерос бўйича ўтган шахсларга берилган ер участкаларида;

-захира ерларнинг, шу жумладан қайта тикланган ва фойдаланишга киритилган ерларнинг таркибидан ижарага берилган ер участкаларида;

-фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерлари ҳамда бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ерлари таркибидан хавфсизлик талабларига ва техник талабларга қатъий риоя этилишини таъминлаш шарти билан ижарага берилган ер участкаларида;

-сув объектларининг қирғоқлари бўйидаги ерлар таркибидан хавфсизлик талабларига ва техник талабларга қатъий риоя этилишини таъминлаш шарти билан ижарага берилган ер участкаларида ташкил этилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни реализация қилиш учун имтиёзлар ҳам мавжуд. Яъни деҳқон хўжалиги деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирма асосида ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қўшимча ҳужжатларсиз (рухсатномаларсиз) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ташиш ва реализация қилиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, у қишлоқ хўжалиги маҳсулотини даласида, деҳқон бозорларида ва савдо марказларида, шунингдек, аҳоли пунктларида сайёр савдо ташкил этиш йўли билан қўшимча рухсатномаларсиз (лицензияларсиз) реализация қилади.

Деҳқон хўжалиги ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини нақд пулга ёки банк карталари бўйича нақд пульсиз ҳисоб-китоблар орқали чекловларсиз сота олади. Бунда деҳқон хўжалиги хўжалик юритувчи субъектлар учун ўрнатилган касса операциялари қоидаларига мувофиқ ҳисоб юритиши шарт эмас.

Деҳқон хўжалиги ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузади ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солинмайди.

Қисқа қилиб айтганда, ушбу Қонун деҳқон хўжаликлари бошлиқларига улкан масъулият юклаш баробарида, фаолиятини самарали юритиш учун кенг йўл очиб беради.

Бегали ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер