Йўқ, феъл кишига яхшироқ эҳсондин...
Айни кунларда бутун ер шари аҳолиси синовли, долғали кунларни бошдан ўтказмоқда. Коронавирус пандемияси глобал фожиага айланиб улгурди. Мана шу вазиятда маърифатли, илғор миллатларнинг умумий хусусиятлари - бағрикенглик, ижтимоий бирдамлик, ўзаро ҳурмат, тақиқларга итоаткорлик сифатлари намоён бўлмоқда.
Шундай маърифатли миллатлар қаторида ўзбек халқи ҳам бор. Ҳозирги шароитда миллатимиз ўз табиатидаги энг яхши сифатларни кўрсатмоқда. Улар қаторида, айниқса, кўпроқ «хайр-саховат» тийнати яққол кўринаётгани, кишини келажакка ишонч билан боқишга ундайди.
Улус тийнатидаги бу сифат бизнинг энг қадим илдизларимиздан келаётган – «ўзига борини - ўзга билан баҳам кўриш» қадриятидир. Бу қадрият халқимизнинг қонига, кўнглига ўрнашган.
Шунинг учун, тилимизда хайр-саховат, эҳсон, сахийлик билан боғлиқ минглаб бирликлар, мақоллар, ҳикматлар мавжуд. Буларнинг бари миллат тафаккурида «ўзаро бўлишиш» қадрияти чуқур цинганлигини кўрсатади. Бу қадриятни Ҳазрат Навоийдан ўтказиб таърифлаш имконсиз:
Йўқ, феъл кишига яхшироқ эҳсондин,
Офоқ элига жуди бепаёндин.
Қийин кунларда халқнинг сахий ва танти фарзандлари, корхона ҳамда ташкилотлар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар парваришига муҳтож, ногирон, кекса, имконияти чекланган қатламга етказган ёрдамини кўриб, эшитиб, беихтиёр, ўзинг ҳам, шу сингари хайрия тадбирларида, саховатпешалар қаторида бўлгинг келади.
Бизнинг Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси, профессор-ўқитувчилари ҳам иш ҳақларини «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказишимизни сўраб мурожаатлар қилишди. Биз жамоа билан кенгашиб, жамғармага май ойи ҳисобидан бир кунлик иш ҳақини ўтказдик.
Аслида, қилинган хайрияни овоза қилиш ёки мақтаниш ниятимиз йўқ. Буни, азбаройи, «яхшилик–яхшиликдан ранг» олади, деган ақидага, амал қилганимиз учун айтяпмиз.
Шояд, саховатпеша, ўзгалар дардига шерик, эҳсон қилувчи юртдошларимиз сафи янада кенгайса ҳамда элу улус миллат сифатида бирлашиб, қилаётган савобли ишларимиз тез орада натижа берса.
Гулчеҳра РИХСИЕВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг