Ижодга бахшида умр

21:26 10 Июль 2024 Жамият
347 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоят Матбуот уйида адабий учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда бугун 60 ёшини қаршилаган, 40 йиллик ҳаёти журналистика ва ижодга боғланган Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист, таржимон Тошпўлат Тугаловнинг ижоди ҳақида гап борди.

Дастлаб тадбирда иштирок этган шоир ва адиблар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, журналистлар, маънавият фаоллари ҳамда шеърият ихлосмандлари, ижодкорнинг яқинлари, дўстлари Тошпўлат Ўрхун тахаллуси билан ижод қилиб келаётган шоирнинг серқирра фаолияти, ижоди ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Устоз ва ҳамкасблари узоқ йиллар вилоят телерадиокомпаниясида муҳаррир, катта муҳаррир, бош муҳаррир вазифасида ишлаб, юзлаб долзарб мавзуларда кўрсатувлар тайёрлагани, ўнлаб шогирдлар етиштиргани ҳақида гапирди. Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари вазифасида фаолият кўрсатиб, самарқандлик ижод аҳлини турли тадбирларда бирлаштириб келаётгани таъкидланди.

Ижодкорнинг «Мужда», «Кечиккан жавзо», «Сурур» ва «Умр карвони» номли шеърий китоблари, «Бир куни мухбирлар…» ҳангомалар тўплами, «Қаламни қадрлаб…» эссеси, «Таниш чеҳралар» очерк ва интервьюлари, «Умр зийнати», «Қаҳрамонлар мангу яшайди» номли бадиий публицистик ҳамда «Тонг юлдузи болалари» номли таржима китоблари кўпсонли ўқувчиларга манзур бўлгани эътироф этилди.

Қайд этилганидек, Тошпўлат Ўрхуннинг шеърий тўпламларидан ўрин олган шеърларда Ватан мадҳи, меҳр-оқибат, бугунги таҳликали даврдаги миллат маънавиятини юксалтириш, ватанпарварлик масалалари ўзгача талқинда, янгича ёндашув билан бетакрор топилмаларда куйланган. Ҳар бир шеърни ўқиб ўзингизга нимадир хулоса қиласиз, сабоқ оласиз.

— Тошпўлат ака билан узоқ йиллар телевидениеда бирга ижод қилдик, — дейди вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари Дилмурод Исматов. — Албатта, ўша даврда кўплаб янги жанрдаги эшиттириш ва кўрсатувларга муаллифлик қилди. Мана, қарийб олти йилдирки Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимини бошқариб, юзлаб шоир ва ёзувчиларни бир мақсадда, бир ижодда бирлаштиришга бош бўлиб келмоқда. Бу ҳам ижодкорнинг ҳамон жўшиб ижод қилаётганидан далолат. Кўплаб шогирдлари ҳам устозининг изидан бормоқда.

Т. Тугаловга матбуот ва адабиётга қўшган ҳиссаси учун иккала уюшма вилоят бўлимларининг ташаккурнома ва совғалари топширилди. Шунингдек, телевидение, «Нуроний» жамғармаси шаҳар бўлими, таҳририятлар совғалари тақдим этилди.

Тадбир давомида шоир ижодидан намуналар ўқилди. Ижодкорнинг шеърларидаги Ватан сарҳадлари, унинг гўзаллиги ва фаслларнинг ифори қалбан ҳис этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер