Истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинмоқда
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрисабз туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “A.S.” хусусий корхонасига қарашли спиртли ичимликлар савдо дўконида ишлаб чиқариш санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган, қалбаки акциз маркали 6 хил турдаги жами 986 дона алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “В.S.”МЧЖ раҳбари Б.Н. савдо дўконида тегишли ҳужжатлари бўлмаган қалбаки акциз маркали 8 хил турдаги жами 953 дона алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қамарнисо кўчасидаги “M.L.” МЧЖга қарашли спиртли ичимликлар савдо дўконида сотувчи К.М. харидорга Бухоро вилоятидаги “SH.” АЖда ишлаб чиқарилганлиги кўрсатилган 2 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, ушбу савдо дўконидан 5 хил турдаги жами 782 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг