«Истанбул Башакшеҳир» муҳим ғалабани қўлга киритди
Кеча, 11 апрель куни футбол бўйича Туркия Суперлигасининг 29-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Кун доирасидан ўрин олган баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Элдор Шомуродов ва терма жамоа етакчиси Аббосбек Файзуллаев тўп сураётган «Истанбул Башакшеҳир» жамоаси ўз майдонида «Генчлербирлиги» клубини қабул қилди.
Учрашув мезбонларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйинда ҳисоб 9-дақиқада Элдор Шомуродов томонидан очилди. 40-дақиқада Элдорнинг ўзи «Истанбул Башакшеҳир»нинг иккинчи голини киритди. Орадан 2 дақиқа ўтиб Бертўғ Йилдирим ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди.
Баҳснинг иккинчи бўлимида мезбонлар темпни бир мунча туширишди. Натижада ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг кечаги ҳаракатлари «Sofascore» портали томонидан 8,7 баллга баҳоланди. Шомуродов сўнгги бор 2025 йил 26 октябрь санасида бўлиб ўтган «Анталяспор» — «Истанбул Башакшеҳир» ўйинида 8,7 баллни қўлга киритган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг