Бухорода “Ислом тамаддуни намоёндалари хиёбони” барпо этилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Кўҳна Бухородан етишиб чиққан олиму фузалолар, авлиё – анбиёлар, алломалар номини санаб адоғига етиш мушкул.Уларнинг ҳар бири устозлик мақомига эришиб, ёзган асарлари билан диний ва дунёвий билимлар денгизига жилға мисол сингиб кетишган.
- Мана, Абу Бакр Калободийни олиб кўринг,- дейди ЎзФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори, шарқшунос – манбашунос Комилжон Раҳимов. - Манбаларда 990 ёки 995 йили вафот этганлиги айтилган бу аллома Бухоронинг Калобод маҳалласида туғилган.Калобод – аслида Гулобод номининг арабчалашган кўриниши.Араб алифбосида «г» товушини ифодалайдиган ҳарф бўлмаганлиги сабабли бу ном Калобод шаклида ёзилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги замон ўзбек шарқшунослари Калободийни Гулободий деб ҳам эслатишади. Бу буюк аждодимиз забардаст ҳадисшунос сифатида танилган.Турли манбаларда унинг «Арбаъин фил ҳадис» ва «Амоли фил ҳадис» каби асарлар ёзгани, шунингдек, Имом Бухорийнинг «Жомеъ ус-саҳиҳ» китобига шарҳ битгани эслатиб ўтилган.
Бизгача етиб келган ва «Маъоний ул-ахбор» номи билан ҳам шуҳрат топган ҳадисга оид «Баҳр ул-фавойид» номли китоби унинг бу борадаги энг йирик асарларидан ҳисобланади. Ушбу китоб беш юз тўқсон икки ҳадисни ўз ичига олади. Бошқа бир манбада келтирилишича, «Маъоний ул-ахбор»да бир-бирига ўхшаш ёки бир-бирига зид келадиган турли хабарлар ва ҳадислар орасидан тадқиқ, таққослаш ва мувофиқлаштириш орқали танлаб олинган икки юз йигирма икки ҳадис келтирилган.Абу Бакр Калободийнинг маънавий мероси, унинг тарбиявий аҳамияти ҳақида узоқ сўз юритиш мумкин.
Шу нуқтаи назардан Бухорода “Ислом тамаддуни намоёндалари хиёбони” барпо этилаётгани айни муддао.
Маълумотларга қараганда, хиёбонда Абу Ҳафс Кабир, Абу Бакр Калободий, Мустамлий Бухорий, Ҳазрат Поянда Муҳаммадшоҳ Ахсавий сингари ислом дини, тасаввуф фани тараққиётига катта ҳисса қўшган алломаларнинг мемориаллари, ҳунармандчилик маркази, меҳмонхона, кутубхона, анжуманлар зали, шунингдек, масжид барпо этилади.Айни дамда икки минг нафар намозхонга мўлжалланган масжид қурилиши олиб борилмоқда.Унинг меъморий кўринишида шу ҳудудда ХIII аср охирида барпо этилган Сайфиддин Бохарзий мақбараси ҳамда Буёнқулихон мақбарасидаги шарқона нақшлардан андаза олинади.Хиёбоннинг “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар – жойлар маркази яқинида барпо этилаётгани эса унинг нафақат сайёҳлар ҳордиқ чиқарадиган, балки меҳмонларнинг миллий ва диний қадриятларимизга оид билим ва тушунчаларини бойитадиган гўшага айланишидан далолат беради.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг