Ишчи-ходимлар манфаати йўлида

11:11 08 Ноябрь 2024 Жамият
328 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, демократик жамият қуриш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижаларини таъминлашда касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор. Ўз сафларида миллионлаб аъзоларни бирлаштирган, халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи бўлган ушбу жамоат ташкилотининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда.

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ҳаётида ҳам туб бурилишлар ва улкан ўзгаришлар юз берди. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ушбу жамоат ташкилоти фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ваколатларини кенгайтириш имкониятини яратди. Президентимизнинг таклифи билан инсон қадри ва унинг шаънини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида 11 ноябрь — “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” этиб белгиланди.

Ўзининг бой тажриба мактаби, шонли анъаналарига эга бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти Кенгаши ҳам меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимояси, инсон манфаатларини таъминлаш йўлида кенг кўламдаги ишларни амалга ошириб келмоқда.

— Ҳозирги кунда вилоятимизда касаба уюшмалари тизимида 2 минг 300 тадан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатмоқда ва турли соҳаларда меҳнат қилаётган 350 минг нафардан зиёд аъзоларни ўз сафларида бирлаштирган, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти Кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева. — Касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш ва мароқли дам олдириш, болалар оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 111 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 760 млн. сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди, меҳнат муҳофазаси бўйича 33 та корхона ва ташкилотдаги ходимларнинг ҳаёти ва меҳнати учун хавф туғдириши мумкин бўлган 150 дан зиёд камчиликлар бартараф этилди.

Бундан ташқари, вилоятда ёз мавсумида 11 минг нафардан зиёд болаларнинг оромгоҳларда дам олиши ташкил этилди, 3100 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари тизимга қарашли сиҳатгоҳларда имтиёзли тарзда соғломлаштирилди. Ички туризм йўналишида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида 22 минг нафардан ортиқ касаба уюшма аъзоларининг тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилди.

Касаба уюшмалари “Аёллар дафтари” тизими орқали хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда алоҳида ташаббус ва жонбозлик кўрсатмоқда. Бу борада Федерация қошида ташкил этилган “Ишонч телефони”га хотин-қизлар томонидан келиб тушган мурожаатлар тезкор ўрганилиб, муаммоларга оқилона ечим топилаётгани ҳам шундан дарак беради.

Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан вилоятда ўтказилган байрам тадбирида эришилган муваффақиятлар яна бир бор эътироф этилиб, бир гуруҳ касаба уюшма фаолларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва байрам совғаларини топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер