Ишчи гуруҳ томонидан Яшнобод тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш масалалари ўрганилди

13:16 20 Март 2026 Сиёсат
219 0

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулхаким Эшмуратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳар Яшнобод тумани маҳаллаларида хавфсиз ва барқарор ижтимоий муҳитни шакллантириш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва маиший коррупция ҳолатларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий ижроси ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида маҳалла фуқаролар йиғини, ички ишлар органлари, профилактика инспекторлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик даражаси, профилактик ишлар самарадорлиги, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими ҳам таҳлил қилинди. Шунингдек, ҳудудда жорий этилаётган замонавий ахборот технологиялари, жумладан, видеокузатув тизимлари ва рақамли назорат механизмларининг жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Ишчи гуруҳ тумандаги «Авиасозлар деҳқон бозори» АЖ фаолиятини ҳам атрофлича кўздан кечириб, бозор инфратузилмасини рақамлаштириш, савдо жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, нақд пул айланмасини қисқартириш ҳамда солиқ тушумларини оширишга қаратилган амалий ишларни таҳлил қилди. Жумладан, электрон тўлов тизимларини кенг жорий этиш, савдо жойларини рақамли ҳисобга олиш, тадбиркорлар фаолиятини онлайн мониторинг қилиш орқали яширин иқтисодиётга қарши самарали механизмлар яратиш ишлари ўрганилди.

Шу билан бирга, туманда аҳоли бандлигини таъминлаш ва фуқароларни барқарор даромад манбаига эга бўлишига қаратилган амалий ишларга ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, туманда жойлашган Республика касбий кўникмалар маркази ҳудудида ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда тумандаги 25 та йирик корхона ва ташкилотлар 650 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Шунингдек, тадбирга 9 та тижорат банки жалб қилиниб, аҳолига тадбиркорликни ривожлантириш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари бўйича тушунтиришлар берилди. 150 дан зиёд ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрилди. Тижорат банклари билан ҳамкорликда 5 нафар фуқарога оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида умумий қиймати 73 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш учун аризалар расмийлаштирилди.

Ўрганишлар якунида аҳоли бандлигини таъминлаш, коррупциявий омилларни қисқартириш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер