Ишчи гуруҳ Навоийда
Навоий вилоятида вазир раҳбарлигидаги Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи тизим фаолияти билан танишмоқда.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад, тизимда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалдаги натижаси, ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги муаммоларни ўрганиш ва тезкор хизматларнинг иш фаолияти самарадорлиги билан яқиндан танишиш ҳамда мавжуд камчилик ва муаммоларни ўз жойида бартараф этишдан иборатдир.
Ишчи гуруҳ дастлаб вилоятнинг Қизилтепа туманида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими янги маъмурий биносининг очилиш маросимида иштирок этди.
Бир миллиард 300 млн сўм маблағ йўналтирилган мазкур бинода аҳолига паспорт тизими бўйича замон талаби асосида хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур маскандаги шарт-шароитлар билан танишаркан, ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятини фуқаролар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиши зарурлиги борасидаги фикр ва тавсияларини билдирдилар. Тақдимот дастури доирасида 16 ёшга тўлган бир гуруҳ ёшларга фуқаролик паспортлари тантанали тарзда топширилди.
Ишчи гуруҳ Навоий шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида ҳам бўлиб, у ерда яратилган имкониятлар ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишда кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишиш асносида ўтган йил содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама этилди. Бунда шаҳар ҳудудидаги жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари билан етарлича алоқа йўлга қўйилмагани, жиноятларни таҳлил қилиш давомида сусткашликка йўл қўйилаётгани, шунинг натижасида ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятлар кўрсаткичлари қониқарли эмаслиги танқидий кўрсатиб ўтилди.
Ишчи гуруҳ фаолиятининг иккинчи кунида Ички ишлар вазири П.Бобожонов Навоий вилоятида хизмат қилаётган ёш ходимлар билан учрашди. Ички ишлар вазирлиги Навоий академик лицейида ташкил этилган ушбу учрашувда соҳанинг фидоий, ватанпарвар, ўз фаолиятида қатор ютуқларни қўлга киритиб келаётган ходимлари, Академия битирувчилари, профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, лицей ўқувчилари ҳамда ходимларнинг ота-оналари иштирок этишди. Самимий ва очиқ руҳда ўтказилган учрашувда Ички ишлар вазири ёшларга қаратилаётган эътибор ва рағбат, албатта ўзининг натижасини бериши, мамлакат тараққиётида ёшлар ҳал қилувчи куч эканлиги ҳамда келажакда етук мутахассис бўлиш учун тинимсиз илм олиш, ўрганиш янгиликлар яратиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Учрашувда сўзга чиққан Навоий шаҳар ИИОФМБ 2-сонли Ички ишлар бўлими Хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимида фаолият юритаётган Сарвиноз Душанова оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида ажрашиш остонасига келиб қолган оилаларни фуқаролик судларидаги муҳокамада қатнашиш амалиётини йўлга қўйиш ва шу орқали суд органлари билан ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифини билдириб ўтди. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Навоий вилоят кенгаши раиси сенатор Ж.Ходжаев вилоятдаги шаҳар туман Ички ишлар бўлимларида ёшлар кутубхоналарини очиш ташаббуси билан чиқиб, бунинг учун Кенгаш томонидан 2500 дона ҳар хил турдаги адабиётлар ажратилгани ҳақида гапириб ўтди. Учрашув давомида намунали хулқи ҳамда эришган ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган фидоий ёшлар ташаккурнома ҳамда китоблар билан мукофотланди.
Бундан ташқари, Қизилтепа туманида фаолият олиб бораётган профилактика инспектори Эркин Олтинов ҳудудида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда намуна кўрсатганлиги, бунда жамоатчилик ва маҳалла билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйганлиги учун муддатидан олдин катта лейтенант унвони билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбир давомида фарзандларининг намунали хулқи, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишда сидқидилдан олиб бораётган хизмати учун уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди.
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳининг Навоий вилоятидаги фаолияти давом этмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг