Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим янги босқичда
Иллюстратив фото
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори инсон ҳуқуқларини таъминлашда олиб борилаётган ислоҳотларга қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур қарор ижроси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Сифатли таълим олиш, албатта, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи бўлиб, бунда давлатнинг таълим олишни таъминлаш ва кафолатлаш мажбурияти ётади. Таълим олиш давлат томонидан таъминланадиган, инсоннинг умри давомида давом этадиган ва турли ёшдагиларга тегишли бўлган ҳуқуқдир. Таълим олиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ҳам ўз ичига олади. Шу нуқтаи назардан, мазкур қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат айнан инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича ўқитиш, малака ошириш ва кадрларни қайта тайёрлашга қаратилган.
Дастурга биноан, эндиликда раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик масалалари бўйича ўқув курслари жорий этилади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун инсон ҳуқуқлари, қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув курслари, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади.
Шунингдек, мазкур Дастур педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида инсон ҳуқуқлари ўқув курсларини жорий қилиш, ҳуқуқшунос-педагог таълим йўналишини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълимни такомиллаштириш; инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари бўйича хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантурасида мутахассисларни ўқитиш ҳамда малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришни мақсад қилган.
Албатта, ушбу мақсадларни амалга оширишда Тошкент давлат юридик университетининг етакчи профессор-ўқитувчиларининг роли, ҳиссаси жуда муҳим. Ҳуқуқ соҳасида давлатимизнинг етакчи олий таҳлим муассасаси сифатида Тошкент давлат юридик университети, авваламбор, Инсон ҳуқуқлари фанини бакалавр ва магистратура босқичи талабаларига ўқитиш билан бир қаторда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун ўқув курслари, гендер тенглик масалалари бўйича жойларда тренинглар ташкил этиш, раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш бўйича семинар-тренинглар ташкил қилишда ҳамкорлик қилиш унинг олдида турган муҳим вазифадир.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш йўналишида ТДЮУ олида турган вазифалар талайгина. Жумладан, эндиликда ҳуқуқшунос-педагог таълим йўналишини ташкил этиш, шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ” магистратура мутахассислигини жорий қилиш чора-тадбирларини кўриш лозим. Бунда, албатта, ўқув жараёнига етакчи профессор-ўқитувчиларни, хорижий университетлар профессорлари ва мутахассисларини жалб қилиш зарур.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ўрганиш амалиёт, кундалик турмушимиз ва энг асосий ҳуқуқларимиз билан боғлиқ соҳа эканлигини ҳисобга олган ҳолда, ўқув жараёнига турли экпспертларни жалб қилиш самара беради. Тошкент давлат юридик университети амалиёт ва назария уйғунлиги асосида ўқув машғулотлари олиб боришни, мана бир неча йилдирки, самарали жорий қилиб келмоқда. Ушбу тажрибани тегишли идора ва органларда олиб бориладиган ўқув курсларига ҳам жорий қилишда ТДЮУ ўз тажрибаси билан бўлишиши ва ҳамкорликни йўлга қўйиши муҳимдир.
Қайд этиб ўтиш жоизки, Дастурнинг муҳим вазифаларидан яна бири бу — инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашдир. Илмий фаолиятда инсон ҳуқуқлари долзарб муаммоларини ўрганиш, янги назария ва тадқиқотларни илгари суриш, келажакда инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи педагог-кадрлар ва ҳуқуқшунос олимларни кўпайишига, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тарғиб қилишга кўмак беради.
Шу нуқтаи назардан, халқаро даражадаги конференция ва форумлар ўтказиш, инсон ҳуқуқларининг долзарб муаммоларини ўрганишга қаратилган илмий адабиётлар сонини кўпайтириш мамлакатда илм-фан йўналишини ривожланишига ҳам туртки бўлади десак адашмаган бўламиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим барча инсонларни ўз ҳуқуқлари ва бошқаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ундайдиган қадриятлар, эътиқод ва муносабатларни илгари суради. У ҳар бир шахснинг ҳар қандай жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳаётда амалда бўлишидаги умумий масъулиятини ҳақидаги тушунчани ривожлантиради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича зиммасига олинган мажбуриятларни бажариш мақсадида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиши мамлакатимизда инсонга бўлган эътиборнинг кун тартибида турган муҳим вазифа эканлигини кўрсатади.
Юқорида келтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмуни ҳам Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқичга кўтарилганлиги ва янги ёндашувларни ишлаб чиққанлигидан далолат беради.
Умида ШЕРХОНОВА,
Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси ўқитувчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг