Инклюзив ёшлар оромгоҳидаги завқли кунлар

20:00 14 Апрель 2026 Жамият
174 0

Наманган вилоятида «Voice Up–2026» инклюзив ёшлар оромгоҳида ташкил этилган тадбирлар келажагимиз эгалари ҳаётида унутилмас воқеалардан бирига айланди. Унинг доирасида фаол ёшларнинг фикри эшитилди, ғоялари қўллаб-қувватланди, имкониятлари кенгайди. Ушбу оромгоҳда 400 нафардан ортиқ ўғил-қизлар орасидан саралаб олинган 50 нафар иштирокчи ўз лойиҳалари билан қатнашди. Улар уч кун давомида турли тренинглар, маҳорат дарслари ва мотивацион учрашувларда фаол иштирок этиб, билим ва кўникмаларини оширишга эришдилар. Шунингдек, жамоада ишлаш, нотиқлик санъати ва ўз фикрини эркин ифодалаш бўйича муҳим тажриба орттирдилар.

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан ўтказилган протоколсиз учрашув тадбирнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири бўлди. Одатий расмий форматдан мутлақо фарқ қилган очиқ мулоқотда ёшлар ўз муаммолари, ташаббуслари ва ғояларини эмин — эркин баён этишди.

— Оромгоҳда ўтган кунларимиз бир қатор маданий тадбирлар, жумладан, гулхан атрофидаги самимий суҳбатлар, ижодий чиқишлар билан дўстона муҳит яратди, — дейди иштирокчилардан бири Одина Юсуфжонова. — «Инсон» ҳужжатли фильмини томоша қилдик, интеллектуал қобилиятли тенгдошларимиз томонидан уюштирилган «Заковат» ўйини айниқса, кўпчиликда алоҳида таассурот қолдирди.

Лойиҳа доирасида «WikiMarafon» жамоаси билан учрашув ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар Википедия билан ишлаш, мақола яратиш ва таҳрирлаш бўйича амалий билимларга эга бўлдилар. Энг фаол қатнашчилар эса «WikiSfera» оромгоҳига йўлланмаларни қўлга киритиб, ўзлари учун янги имконият эшигини очдилар. Бир сўз билан айтганда , «Voice Up–2026» — бу оддий оромгоҳ эмас, ёшларнинг ўз устида ишлаши, янги дўстлар орттириши, билим ва тажриба алмашиши, энг муҳими эса ўз овозини жамиятга етказиши учун яратилган майдон сифатида барчада инклюзивлик, тенг имкониятлар ва бирдамлик ғояларини янада мустаҳкамлади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер