Иккита халқаро битим имзоланди

17:52 01 Март 2019 Жамият
1774 0

“Илм-фан — 2020” миллий ривожланиш дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Times Higher Education” халқаро рейтинг агентлиги, шунингдек, жаҳонга машҳур “Elsevier” нашриёт уйи ўртасида SciVal ахборот-таҳлилий портали маълумотларидан фойдаланиш бўйича битим имзоланди.

— Рақобат бор жойда ривожланиш жадаллашади, — дейди “Times Higher Education” халқаро рейтинг агентлигининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича ижрочи директори Егорь Яблоков. — Битимга биноан, уч йил мобайнида Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари экспертлар томонидан ўрганилади ва рейтинги тузилади. Бу нафақат университет фаолияти, балки таълим сифати юксалишига ҳам хизмат қилади.

Мазкур шартномалар Республика олий таълим муассасалари учун халқаро университетларнинг глобал рейтингида муҳим аҳамият касб этадиган жиҳат — илмий-тадқиқотлар соҳасида самарадорликни кузатиш ва илмий ўлчамдаги маълумотларни чуқур таҳлил қилиш имконини беради. Келишув доирасида вазирлик республикадаги энг яхши университетлар ректорлари ва проректорларидан иборат “Times Higher Education” экспертлари билан биргаликда ишлайдиган ишчи гуруҳни шакллантиради. Улар муҳим маълумотлар ва таҳлиллардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар ҳамда ривожланишнинг устувор вазифалари ва стратегиясини ишлаб чиқишда “Times Higher Education”нинг доимий кўмагидан фойдаланишади. Ушбу битим хорижий илмий таълим марказлари билан янада фаол ҳамкорлик қилиш имконини ҳам беради.

Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи” мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер