Икки ҳудудда сифатсиз тамаки маҳсулотларининг савдога чиқарилиши тўхтатиб қолинди
Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида қонунга хилоф равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сергели тумани бўлим ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда қонунга хилоф равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро С.И. бошқа бир фуқаро М.Х.га акциз маркасиз тамаки маҳсулотини сотган вақтида ушланган. Шунингдек, қонунбузар шахснинг ноқонуний ташкил этган савдо нуқтасидан умумий баҳоси 63 миллион сўмлик турли номдаги хорижда ишлаб чиқарилган жами 1 минг 308 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Чуст тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.
Унга кўра. «Наманган» мунтазам ЙПХ масканида фуқаро А.Н.нинг бошқарувидаги «Малибу-2» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилган. Аниқланишича, фуқаро А.Н. ва бошқалар чет элда ишлаб чиқарилган 6 турдаги 779 дона акциз маркасиз электрон тамаки маҳсулотларини ўтказиш мақсадида Наманган вилоятига олиб келаётганликлари фош қилиниб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг