Ҳунардан бахт топаётган қиз

15:42 01 Декабрь 2022 Жамият
612 0

Фото: Халқ сўзи

Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг матонат ва ирода кучи билан ҳаётда эришаётган ютуқларига ҳавасинг келади кишининг. Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сафия Холмирзаева ана шундайлар сирасидан.

Сафия мактабда 3-синфгача таҳсил олган. Соғлом ва шўх қизалоқ дугоналари каби болалик қувончига ғарқ бўлиб юрган бир кезда ревматизм полиартрит касалига чалиниб қолди. Ҳозирда I гуруҳ ногирони. Оёқлари бўйсунмайди. Қўл ҳаракатлари ҳам чекланган. Шундай бўлсада, бошқаларнинг ёрдамига умидвор бўлмайди.

— Интернетда сунъий гул тўқувчиларни кўриб, улар тайёрлаган маҳсулотларга ҳавас қилганман, — дейди Сафия. — Кейин ўзим ҳам шу ҳунар сир-асрорларини ўргана бошладим. Тез орада биринчи маҳсулотимни яратдим. Бу мени янада кўпроқ ҳаракат қилишга, янгидан-янги маҳсулот тайёрлашга ундади. Ҳозирда, агар соғлигим панд бермаса, бир ойда 10-15 тагача маҳсулот тайёрлайман. Аксарият ҳолларда буюртма учун ишлайман. Эндиликда етказиб бериш хизматидан фойдаланган ҳолда республикамизнинг барча вилоятларига маҳсулот чиқаряпман. Бироқ бу муҳим эмас, мен учун шу ишнинг завқи муҳимроқ. Ҳар гал нимадир тўқисам, уни кўргач, қувонаман, ғайратга тўламан. Мен ҳам нимагадир қодир эканлигимдан мамнун бўламан. Тўқувчилик менинг ҳаётим мазмунига айланган.

Сафия ўз ҳунари орқали республикамиздаги турли кўргазмаларда фаол иштирок этиб келмоқда. «Ташаббус», «Йил аёли» каби танловлар совриндори. 2019 йилдан Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси, жорий йилдан эса якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиб келмоқда. 300 нафардан зиёд шогирдлари бор. У «Жасорат» медали ва «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» кўкрак нишонига муносиб топилган.

— Шу билангина кифояланиб қолгим йўқ, — дейди у. — Келгусида янги маҳсулотларни ўзлаштириш ниятим бор. Қолаверса, фаолиятимни кенгайтириб, ўзим каби имконияти чекланган хотин-қизлардан иборат жамоа ташкил этишни режалаштирганман. Маҳсулотимизни қўшни давлатларга экспорт қилиш учун истиқболли лойиҳа устида ишламоқдаман. Мақсадим имконияти чекланганларнинг чекланмаган имкониятларини юзага чиқаришдир.

Унинг ҳолидан хабар олгувчилар кўп. Йўқловлардан ҳамиша хурсанд бўлиб келган. Бироқ унга нисбатан кўрсатиладиган моддий ёрдамларни қабул қилмайди. «Танамизда ҳаракатланувчи биргина аъзо бўлса ҳам, билингки, биз ўз-ўзимизни боқа оламиз. Бунинг учун ё жисмоний ҳаракатимизни ёки ақлий фаолиятимизни ишга солишни билсак, кифоя», дейди у. Биз эса тўрт мучаси соғ бўла туриб, моддий кўмак сўраб тегишли идоралар остонасидан бери келмайдиган айрим замондошларимизга Сафияни намуна қилиб кўрсатгимиз келди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер