“Ҳовлингизда писта чақиб, пўчоғини ҳар томонга туфласак, индамайсизми?”
Тўнғич набирам Гулистондаги Хотира майдонида расм чизаётган палла афтидан олтмишлардан ошган киши набиралари билан ёндош ўриндиқда писта чақиб, пўчоғини атрофга туфлаётганини кўриб қолган. Бир зумда чиройли қопламали, саришта саҳн юзи пўчоқлар билан тўлган.
“Уйимиз остонасидан нарида биз учун, халқ учун қурилган, яратилган неки бор, улар ҳам ўзимизникидек гап. Шунинг учун у жойларга ҳам уйимиз каби “ўзимизники, ўзимники” деган муносабатда бўлиш керак. Кимдир йўл бўйлаб экилган райҳон ё гулни узса, ё майсалар устидан юриб пайҳон қилса, писта чақиб ифлослантирса, бу ишлари яхши эмаслигини эслатиш хайрли”, деган сўзларим ёдига тушган набирам ўша кишининг олдига боради. Салом бериб, писта пўчоқларини ерга ташлаш жоиз эмаслигини айтади.
Одамлар ҳам турфа феъл-да. Муштдеккина қизчанинг гўёки “ақл ўргатиши”дан оғринган отахон уни жеркиб ташлайди.
Лекин набирам ҳам бўш келмаган:
- У ҳолда айтингчи, ҳозир ўртоқларим билан сизникига меҳмонга борамиз. Ахир меҳмон келса, “Кет!”дейилмайди-ку, тўғрими? Биз ҳовлингизда писта чақиб, пўчоғини ҳар томонга туфласак, индамайсизми?
- ...
Вассалом!
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг