Ҳолва деган билан оғиз чучимайди

13:53 27 Октябр 2023 Жамият
287 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бензинда ёки дизель ёқилғисида ҳаракатланадиган техник носоз битта транспорт воситасидан ён – атрофга қанча миқдорда зарарли модда тарқалиши мумкин?

Бухоро вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш шўбаси бошлиғи вазифасини бажараётган Н. Ибодовнинг билдиришича, бундай носоз автоулов бир ойда атроф – муҳитга ўртача 80 килограмм ташлама газ чиқаради.

— Биз ҳамкор ташкилотлар кўмагида икки босқичли “Тоза ҳаво” ойлигини ўтказиб боряпмиз,— дейди у.— Дастлабки босқичда 18130 та транспорт воситасининг ҳолатини ўрганганимизда уларнинг 237 таси экологик носоз ҳолатда экани аниқланди. 130 таси жойида созланди. 107 та автоулов ҳайдовчиси эса эконосоз транспортни бошқараётгани учун йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан маъмурий жаримага тортилди. Иккинчи босқичда 221 та автомобиль экологик жиҳатдан носоз ҳолатдалиги аниқланиб, улардаги нуқсонларни ҳам бартараф этишга доир чора – тадбирлар кўрилди. Фикримизча, метан ва пропан газида ҳаракатланаётган автомобиллар сонининг кўпаётгани ижобий ҳолатдир. Чунки улар бензин ва дизель ёқилғисида ҳаракатланадиган автоуловларга нисбатан ҳавога 50 фоизгача кам ташлама газлар чиқаради. Қолаверса, илғор давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, электромобиллар сонини кўпайтиришга эътибор қаратилса айни муддао бўларди.

Мутахассиснинг бу ҳақда алоҳида тўхталиши бежиз эмас. Автомобиллардан ажралиб чиқаётган зарарли моддалар атроф – муҳит тозалигига жиддий зиён етказмоқда. Илм – фанда айнан шундай моддалар ҳатто онкологик касалликлар, ўпка хасталикларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётгани аниқланган. Бинобарин, ёзи ўта иссиқ келадиган, баҳори-ю кузида қум бўронлари кузатилаётган Бухорода ҳавони тоза сақлаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Туристик салоҳияти юқори Бухоро шаҳрида қўшни вилоятлар ҳамда туманлардан кириб келаётган автоуловларни қўшиб ҳисоблаганда ҳар куни 50 мингтадан зиёд транспорт воситаси ҳаракатланиши, хорижий сайёҳлар ҳам экологик тоза, саломатликка хавф – хатар туғдирмайдиган гўшаларга ташриф буюриши назарда тутилса масала моҳияти янада ойдинлашади. Негаки, автоуловлар орасида экологик жиҳатдан носоз автомобиллар йўқ, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда унинг вилоят бошқармаси томонидан Бухорода экотаксилар фаолияти йўлга қўйилаётгани тўғрисидаги хабарни жамоатчилик атроф – муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги муҳим қадам сифатида қабул қилди. Бирида 30 та, яна бир хабарда 20 та экологик тоза бўлган енгил автомобиллар келтирилгани айтилган маълумотларда бу автоуловлар йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаши, тўлиқ электр энергияси билан қувватланиши, 10 июндан бошлаб ҳаракатлана бошлаши, уларнинг тақдимот маросимида шаҳар мутасаддилари ҳам иштирок этишгани таъкидланган эди.

Маълум бўлишича, бундай енгил автомашиналарни “White house Bukhara” масъулияти чекланган жамияти хориждан харид қилган. Хўш, ортда қолган беш ой давомида мазкур автоуловлардан қандай фойдаланилди, улар ўз афзаллигини кўрсатдими, бундай транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш учун шарт – шароитлар мавжудми, улар хизматидан йўловчилар мамнунми? Биз шу каби қатор саволлар билан вилоят транспорт бошқармаси бош мутахассиси Умид Баҳроновга мурожаат қилдик.

Унинг билдиришича, экотаксилар фаолиятини йўлга қўйиш ташаббускори хусусий корхона яъни “White house Bukhara” МЧЖ бўлган. Бу корхона қонунчилик нуқтаи назаридан бошқармага бўйсунмайди. Аниқроғи, ҳисобот топширмайди. Шундан сўнг масъулияти чекланган жамият раҳбари Суннат Бердиев билан бир амаллаб боғланганимизда эса у ҳар гал “Ўзим сизга қўнғироқ қиламан. Юзма – юз суҳбатлашамиз” дейишдан нарига ўтмади.

Дарвоқе, ушбу МЧЖ томонидан бир пайтлар “ноль” қийматда харид қилинган автокорхонанинг собиқ паркида йўналишсиз такси хизмати кўрсатишга мўлжалланган экотаксиларнинг бир қисми бекор ётганини кўриш мумкин. Балки “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди” деганлари шудир?

Табиийки, 20 – 30 та экоавтомобилъ вилоятдаги бензин ва дизель ёнилғисида ҳаракатланаётган 85 мингтадан зиёд автотранспорт воситаси олдида денгиздан томчидек гап. Лекин шу йўналишсиз экотаксиларнинг афзаллиги амалда кўрсатиб берилганида юртимизда электр энергиясидан қувват олиб ҳаракатланадиган автоуловларга қизиқиш ошар, улар сони тезроқ кўпаяр, атроф – муҳитга чиқарилаётган ташланма газлар миқдори сезиларли даражада камаярмиди, деган ўйга борасан, киши. Вилоят бўйича айни дамда атиги 255 та электромобиль борлиги ҳам кишини шундай ўй – хаёлга ундайди.

Бинобарин, гап ҳавомиз мусаффолиги, ён – атроф тозалиги, одамлар саломатлиги , қолаверса, туризм равнақи ҳақида борганида ҳавойи гаплар эмас, тизимли, амалий ишлар кераклиги аён бўлади . Буни соҳа мутасаддилари чуқурроқ ўйлаб кўришса фойдадан ҳоли бўлмасди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер