Ҳокимликлар юридик хизматларининг ер муносабатларига оид ҳуқуқий билимлари оширилди

07:16 04 Ноябрь 2023 Жамият
345 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 218-сон қарорига асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг «E-qaror» электрон тизимидан самарали фойдаланишларини таъминлаш, шунингдек, ундан фойдаланиш масаласига методик раҳбарлик қилиш Aдлия вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Адлия вазирлиги ва Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан “Минтақавий Мулоқот” (Словения) нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали билан ҳамкорликда жорий йилнинг 31 октябрь ва 1-2 ноябрь кунлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари юридик хизматлари ходимларининг ер муносабатлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини ҳуқуқий экспертиза қилиш бўйича билимларини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув-семинарлари ташкил қилинди.

Ўқув-семинарлари вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари юридик хизматлари ходимлари иштирокида, улар фаолиятидаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тажриба алмашиш мақсадида онлайн ва офлайн шаклда ўтказилди.

Жумладан, ўқув-семинарларда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги туман (шаҳар) ҳокимликлар юридик хизматлари бевосита иштирок этган бўлсалар, бошқа вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши юридик хизматлари томонидан 150 дан ортиқ иштирокчилар масофавий тарзда иштирок этдилар.

Тадбирда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқни қўллаш департаменти, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси, Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси, Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамда “Минтақавий Мулоқот” (Словения) нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали мутахассислари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатлари соҳасидаги ваколатлари, ер участкаларини ажратиш асослари ва тартиби, ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари, “E-qaror” электрон тизимида ерга оид қарорларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда соҳада коррупциявий ҳолатларни олдини олиш масалалари юзасидан маърузалар қилинди.

Ўқув-семинарлари якунида иштирокчилар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатлари соҳасидаги ўзларини қизиқтирган саволлари муҳокама қилиниб, соҳани такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер