Ҳисобли дўст айрилмас...
Мамлакатимиз раҳбари томонидан карантин даврида аҳолининг истеъмол эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантириш фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Зеро, бугундан розилик ва эртанги кунга ишонч киши жисмоний ва руҳий иммунитети мустаҳкамлигининг муҳим гаровидир.
Навоий вилоятида 96901 нафар аҳоли «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали томонидан суюлтирилган газ билан таъминланади. Шундан 90051 нафарига газ баллонлари, қолган 6850 нафарига эса ГПУ, яъни газ қувурлари (табиий газ кўринишида) орқали етказиб берилади.
— Суюлтирилган газ таъминотининг маршрути бир неча ўн минг километрни ташкил этади, — дейди филиал матбуот котиби Зебо Қутлиева. — Бу Қизилқум саҳросидаги узоқ овуллардан тортиб, Нурота, Хатирчи туманларининг тоғ бағридаги сон-саноқсиз қишлоқлари аҳолиси ўз ичига олади. Биргина «Хатирчитумангаз» газ таъминоти бўлими томонидан тумандаги 15880 хонадон табиий газ етиб бормагани сабабли суюлтирилган газ билан таъминланиб, ушбу хонадонларнинг барчасига суюлтирилган газ белгиланган график асосида узлуксиз етказиляпти. Яъни, туман аҳолисига йил бошидан буён 2 308,54 тонна ўрнига 2 439,64 тоннага суюлтирилган газ етказилиб, бу борадаги режа 106 фоизга бажарилди.
Шунинг баробарида маиший газ баллонлар кўрсаткичи истеъмолчилар сонидан келиб чиққан ҳолда мунтазам янгиланмоқда. Масалан, йил бошидан буён бўлим томонидан 383 нафар истеъмолчи билан янги шартнома имзоланиб, шунча қўшимча газ баллон ижарага берилди. 752 та газ баллон «айланма» усулда истеъмолчиларга хизмат кўрсатади. Бўлим омборида яна 2067 та газ баллон захира учун сақланмоқда.
Таъкидлаш жоиз, пандемия шароитида кўпгина соҳалар қатори газ таъминоти тизимида ҳам иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларини истиқболдаги куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари белгиланган график асосида олиб борилмоқда. Шу мақсадда вилоятдаги мавжуд 3970,9 километр ер ости ва ер усти газ қувурларининг 0,4 километрида мукаммал, 3,5 километрида реконструкция қилиш, 8 дона газ тақсимлаш пунктларини мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари мураккаб карантин шароитида унинг талабларига қатъий риоя этган ҳолда олиб борилмоқда. Хусусан, Навоий шаҳрида «ақлли» ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари жорий йилнинг май ойидан бошланиб, ҳозирга қадар шаҳардаги кўп қаватли хонадонларга 2 500 тадан ошиқ янги ҳисоблагич ўрнатилди. 2021 йилнинг охирига қадар эса ҳудуддаги истеъмолчиларнинг барчаси «ақлли» ҳисоблагичлардан тўлиқ фойдаланиш имконига эга бўлишади.
Ушбу замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишларига 11 та пайвандчи бригада, зарур техника ҳамда тажрибали пайвандчи ва чилангарлар жалб этилган. Ходимларга барча зарур шароитлар яратилган, антисептик восита ва махсус кийимлар билан таъминланган. Шу боис, ҳам аҳоли хонадонларида ҳисоблагичлар ўрнатилиши билан боғлиқ жараёнлардан хавотирга тушишгани йўқ.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, «ақлли» ҳисоблагичларнинг истеъмолчилар учун қулайлиги газ қувуридаги табиий газ ҳароратининг ўзгаришини ўлчаш натижасида табиий газ сарфи ҳаққонийлиги таъминланади. Бу эса корхонанинг табиий газ сарфи ҳисобидаги мавҳум ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳисоблагични қувватлантириш учун фақат ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган талабларга жавоб берувчи махсус батареялардан фойдаланишга рухсат берилади. Ҳимоя пломбаси бузилмаслигининг олдини олиш учун ҳисоблагични қувватлантирадиган батареяни истеъмолчи томонидан мустақил равишда алмаштирилишига йўл қўйилмайди. Электрон ўлчов тугуни батареясининг фойдаланиш муддати белгиланган шартларда камида 8 йилни ташкил этади. Ҳисоблагични ўрнатиш, ечиш ҳамда профилактик текширишга фақат газ тармоқлари операторлари ёки ихтисослаштирилган ташкилотларнинг бундай ишларни амалга ошириш учун тегишли рухсатномага эга бўлган ходимларига ижозат берилади. Бу каби тадбирлар ҳисоблагич ўрнатилган газ қувурида газ босими бўлмаганда амалга оширилади.
— Замонавий ҳисоблагичларнинг афзаллиги кўп экан, - дейди истеъмолчи Ғайрат Холбеков. — Олдинги ҳисоблагичимиз тез-тез таъмирга муҳтож бўлиши билан бирга уни қиёсловдан ўтказишнинг ўзи вақтимиз ва маблағимизни оларди. Энди таъмирлаш ва ўлчаш мосламаларини давлат қиёслов текширувларидан ўтказиш ишлари ҳам газ таъминоти ташкилотининг маблағлари ҳисобидан қопланаркан. Энг муҳими, ис гази чиқишининг олдини олиш ва тўлов тизимидаги қулайликлари бизга жуда маъқул келди. Бизнинг ҳам мажбуриятларимиз борлигини айтишди. Биз мазкур ҳисоблагичларни соз, тоза ҳолда сақлаш, хавфсизлигини таъминлашга масъул эканмиз.
Иқтисодий барқарорлик, хавфсизлик, қулайлик, тежамкорлик. шаффофлик – буларнинг барчасини ўзида мужассам қилган «ақлли» газ ҳисоблагичлар истеъмолчилар учун муҳим янгилик ҳисобланади. Энг муҳим жиҳати - унинг ўрнатилиши билан боғлиқ жараёнларнинг бепул амалга оширилаётганида. Фақат талаб қилинадигани, табиий газдан оқилона фойдаланиш, ҳисоблагичларни талаб қилинганидек соз ҳолда сақлашдир.
Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг