Ҳаёт-мамот кураши ҳали давом этмоқда!
Фото: "Халқ сўзи"
Айни кунларда коронавирус билан касалланиш бўйича кунлик кўрсаткичлар дунё мамлакатлари, хусусан, юртимиз ҳудудларида ҳам ортиб, пандемия бошидан буён рекорд даражага етмоқда. Афсуски, ушбу касаллик эндиликда нафақат катта ёшли инсонлар, балки болаларда ҳам асоратлар билан кузатиляпти.
«Халқ сўзи» мухбири Фарғона вилоятидаги 2-вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлди.
Тез ёрдам машинаси огоҳлантирувчи чироқларини ёқиб катта тезликда келар экан, ораста ҳовлидаги сокин ҳаёт тарзи бир зумда ўзгарди. Махсус жиҳозланган автомашинада ҳаёт учун курашаётган яна бир бемор ётибди. Нажот билан мўлтираб ётган беморни тиббиёт ходимлари чаққонлик билан жонлантириш бўлимига олиб кириб кетишди.
Айни лаҳзаларда юзлаб чироқлар юлдуз мисоли порлаган хонада ҳаёт-мамот масаласида навбатдаги жиддий кураш авжига чиқади: ҳозир шифокорлар учун билим, илмий-амалий тажриба, инсон ҳаёти ва тақдири учун дахлдорлик туйғуси жуда ҳам муҳим. Беморга эса ҳаётга муҳаббат, кучли ирода, сабр-матонат керак...
— Хавф ҳали ортда қолгани йўқ, — дейди муассаса бош шифокори Акмалжон Шерматов. — Афсуски, аксарият ҳамюртларимиз пандемиянинг энг оддий талабларига риоя этишни ҳам унутиб қўймоқда. Тўйлар яна эски ҳолига қайтди, оммавий тадбирларда белгиланган карантин қоидаларига амалга қилинмаяпти. Орамизда асоссиз баҳоналар билан вакцина олмай юрганлар кўп. Ҳозирда муассасамизда даволанаётган беморларнинг 90 фоизи вакцина олмаганлар сирасига киради.
Шифохона 24 соат давомида узлуксиз фаолият кўрсатиши учун рентген, кислород конденсатори, пульсоксиметр, ПЗР-тест, зарур дори-дармонлар, сарфлов мосламалари, дезинфекцияловчи эритмалар билан таъминланган. Махсус ихтисослашган 350 ўрин-жойнинг 200 таси интенсив терапия, 150 таси реанимация бўлими учун ажратилган. Муассасада 24 нафар шифокор, 75 ҳамшира ва йигирмадан ошиқ кичик тиббиёт ходимлари уч сменада, 8 соатлик иш режимида фаолият кўрсатмоқда.
Бош шифокорнинг қайд этишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг энг сўнгги тавсиялари асосида доимий равишда ўқув-амалий машғулотлари ташкил этилмоқда. Чунки вируснинг янги штаммлари қайд этилиши амалиётга янги даволаш усулларини жорий этишни тақозо қилмоқда.
Бу ерда даволанаётганларнинг аксарияти енгил, ўртача оғир даражадаги беморлардир. Вируснинг жиддий асоратлар билан кечиши нисбатан камайди. Ўпкада жиддий зарарланиш деярли кузатилмаяпти. Шунинг учун даволаниш муддати қисқариб, оғир аҳволдаги беморларни даволашда ишлатиладиган вирусга қарши Ремдесивир ва бошқа дори воситаларига бўлган эҳтиёж тобора камайиб бормоқда.
— Коронавируснинг «Омикрон» штамми сайёрамиз аҳолисининг яна тинчини бузди, — дейди реаниматолог Фурқат Дадабоев. — Пандемиянинг янги тўлқини авж олган давлатларда қўшимча карантин чекловлари орқали касалликнинг кенг тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилинмоқда. Мамлакатимиз, хусусан, Фарғона вилоятида ҳам вакцина олмаган ва «манфий» тест натижаси бўлмаганлар билан ишлаш кучайтирилди. Аҳолини бустер-доза билан эмлаш чоралари кўрилмоқда.
Муассаса шифокорлари ҳозирги қалтис вазиятда вакцина олиш, айниқса, қўшимча дозада вакцина олиш энг самарали ва тўғри йўл эканлигини таъкидлаётгани бежиз эмас. Боиси беморда касаллик жараёни бироз енгил ўтаётган бўлсада, унинг юқувчанлик даражаси аввалги турларига қараганда анча юқоридир. Шу сабабли биринчи навбатда профилактика ишларини янада кучайтириш талаб этилади.
Шуни афсус билан қайд этиш керакки, Фарғона вилоятида ҳам сўнгги кунларда касалланишлар сони тобора ортмоқда. 2022 йилнинг 20 январь куни вилоятда 173 нафардан зиёд инсонда коронавирус инфекцияси аниқланди.
Вилоятда 2 млн 418 минг 520 нафар фуқаро коронавирусга қарши эмланиши режалаштирилган. Айни кунгача вилоятда жами 4 млн 477 минг 209 доза вакцинадан фойдаланилди. Тўлиқ босқичларда эмланган фуқаролар сони 1 млн 37 минг 300 дозани ташкил этмоқда. Шунингдек, 80 минг нафар ҳамюртимиз бустер доза билан эмланди. Улар “Astra Zeneca”, "Sputnik V“, ” Sputnik Light" ҳамда “ZF-UZ -Vac 2001» вакциналаридан фойдаланишни маъқул кўришди.
Фарғона вилоятида 170 минг нафарга яқин болалар Pfizer вакцинаси билан эмланишига эришилди. Маълумотларга кўра, болаларни коронавирусга қарши эмлаш кўрсаткичлари бўйича Фарғона (169 минг 643 доза) вилояти мамлакатимиз ҳудудлари ичида энг яхши натижага эришган. Шунга қарамай, коронавирусга чалинаётганлар сони бўйича ҳам республика вилоятлари ичида қўштирноқ ичидаги етакчилардан бири бўлиб турибди. Демак, ҳаёт-мамот кураши ҳали давом этади!
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг