Ҳар бир ҳужжат ялпи мажлисгача қатор чиғириқлардан ўтади

12:52 04 Ноябрь 2021 Жамият
468 0

Фото: Олий Мажлис Сенати

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган масалалар мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни парламент юқори палатасининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О. Иминов олиб борди.

Йиғилишда маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари раислари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Қайд этилганидек, бугун Олий Мажлис Сенати янгича муҳит ва ёндашув асосида фаолият олиб бормоқда. Муҳокамага қўйилган қонунлар шунчаки, кўр-кўрона маъқуллаб юборилмайди.

Хусусан, Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида айрим қонун лойиҳалари, жумладан, «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан рад этилди. Бу ҳолат айрим ижтимоий тармоқларда турли фикрларни келтириб чиқарди.

— Парламентда шундай баҳс-мунозаралар бўлиши, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар мазкур жараёнга ўз муносабатини билдириши, албатта, демократик нуқтаи назардан ижобий баҳоланадиган ҳолат. Ҳар бир ҳужжат ялпи мажлисгача қатор чиғириқлардан ўтади, — дейди сенатор О. Иминов. — Хусусан, экспертлар кенгаши жалб қилиниб, дастлабки тарзда қўмиталарда кўриб чиқилади. Қонун ташаббускорлари ҳам бу жараёнда бевосита иштирок этади. Қолаверса, жойига чиқиб мавжуд ҳолат ўрганилади. Ана шундай жараёнлардан кейин тўла ишонч билан қонун қайтарилди. Лекин у батамом бекор қилинди, дегани эмас. Буни тўғри тушуниш керак. Гап бу ерда қонунни пухта ишлаш ҳақида кетяпти.

Сенат муҳокамага қўйилган ҳужжатга тўғридан-тўғри тузатиш киритиш ваколатига эга эмас. Қонун маъқулланади ёки рад этилади. Рад этилса, у кейинчалик парламент вакиллари, экспертлар, қонун ташаббускорлари билан биргаликда янада пишиқ-пухта ишланиб, кейинги ялпи мажлисларда қайтадан муҳокамага қўйилиши таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган бошқа масалалар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер