Ҳақпарвар ва жонкуяр инсон эди...

18:36 04 Декабрь 2023 Жамият
335 0

Фидойи ижодкор, ҳақпарвар ва жонкуяр инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ортиқали Номозов 74 ёшида вафот этди.

Умрини эл-юрт тараққиёти, бахт-саодати, ҳақиқат ва адолат учун курашга бағишлаган журналист ярим асрдан ортиқ вақт давомида матбуот соҳасида ишлади. Туман газетасидан тортиб мамлакатимизнинг марказий нашрларида фаолият кўрсатди.

Ортиқали Номозов миллий журналистикамизда, адабиётимизда ўз имзоси, овозига эга эди. У ёзган публицистик мақолалар, очерклар, фельетонлар, дилбар ва мўъжаз ҳикоялар, биографик қиссалар нафақат ёзилиш услуби, айни чоғда нафис ва ширали тили, чўнг самимияти, юксак бадиий савияси, инсоний нозик туйғуларни, ҳаётнинг пасту баландликларини ёрқин бўёқларда акс эттиргани билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

Ижодкорнинг “Сени кутаман”, “Тонгда йўлга чиқамиз”, “Саид Аҳмаднинг чорбоғи”, “Мардонбекнинг сўнгги кунлари” каби ўнга яқин китоблари ўқувчилар меҳрини қозонган.

Ориқали Номозовнинг қарийб чорак асрлик умри “Халқ сўзи” газетаси билан боғлиқ. 2010-2013-йилларда газетамизнинг мухбири, бошқа пайтда ижодий ҳамкор сифатида ёзган бир-биридан долзарб мавзулардаги танқидий-таҳлилий мақолалари бутун юртимизда катта акс садо берди. Унинг газетамизда “Давай поженимся ёки ўзбекча “Ёр-ёр” ҳақида”, “Ярашмаган “ялла” каби умри охирида эълон қилган мақолаларида маънавиятимизга доғ тушираётган ҳолатлар муҳокамага тортилганди. Шу маънода, у сўнгги нафасигача биз билан ҳамкор бўлди, жонкуярлик, фидойилик билан яшади, десак, хато эмас.

Муаллиф ҳаёти давомида ўз чиқишларида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини очиш билан бирга, жойлардаги муаммоларни, турли соҳаларда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни аниқ факт, теран таҳлил, қиёс ва мисолларда кўрсатиб бердики, бу билан гоҳида айрим мансабдорларнинг жиғига теккани, уларни жиғибийрон қилгани ҳам рост.

Фаолияти давомида холислиги, тўғрисўзлиги, ҳақиқатпарварлиги, адолатсизлигу камчиликларга муросасиз экани сабаб журналистнинг бошига не-не савдолар тушгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Юрагида ардоқлаган тўғри сўзга хиёнат қилмагани туфайли жиноий жавобгарликка ҳам тортилди. Туҳмат сабаб озодликдан маҳрум этилиб, емаган сомсасига пул тўлади... Энг муҳими, тақдирнинг бу ўйинлари унинг руҳини синдиролмади, ўз танлаган йўлидан қайтаролмади. Журналист ҳеч қачон виждонини сотмади, эътиқодидан воз кечмади.

Фидойи ижодкор яқинларидан ёрдамини ҳеч қачон аямасди. Уни яқиндан биладиганлар ишончли дўст, бағрикенг ва маслаҳатгўй устоз, юксак инсоний фазилатлар соҳиби сифатида ёдга олиши шубҳасиз.

Ортиқали Номозовнинг қайноқ ижод завқига тўла ҳаёти барча учун ўрнак олишга арзигуликдир.

Ижодкорнинг меҳнатлари эътирофларга ҳам сазовор бўлди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвонига муносиб кўрилди. “Мустақилликнинг 10 йиллиги” нишони билан тақдирланди.

“Халқ сўзи” — “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Ҳақ сўзга муҳаббатли, ўз касбига садоқатли, куюнчак ва халқпарвар инсоннинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий яшайди.

“Халқ сўзи” — “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер