Ҳалолликнинг баҳоси борми?
Оммавий ахборот воситаларини кўздан кечирсангиз «Фалон ишингни битириб бераман», дея холис хизмат кўрсатиш пайида бўлган порахўрлик, фирибгарлик, товламачилик каби жирканч иллатлар ботқоғига ботган кимсалар қилмишига оид қатор хабарларга назарингиз тушади. Беихтиёр нега бу инсонийлик қиёфасини йўқотган кимсалар ҳалол ризқ эмас, ҳаром луқма орқали оиласи, болаларини боқиш йўлини тутди, деган ўйга борасан, киши. Наҳотки, улар халқимизнинг «Ҳалолнинг ҳисоби, ҳаромнинг азоби бор» деган доно нақлини унутишган?!
Ҳалол луқманинг кишилик жамиятидаги аҳамияти бениҳоя катта. Зеро, инсоннинг чин маънодаги инсонлиги – унинг иймони, диёнати, меҳр-оқибати, камтарлиги, поклиги ва албатта, ҳалоллиги билан ўлчанади. Ахир, ота-боболаримизнинг ўз фарзандларини ҳамиша пок ва ҳалол бўлишга, ҳалолдан ҳаромни фарқлашга даъват этишгани бежиз эмас.
Сирасини айтганда, инсон қандай қилиб пок яшаши, ҳалол луқма топиб, ҳаёт кечириши мумкин? Ҳалолликка амал қилиб, тўғри яшаш нима дегани? Бу саволларга одам боласи дунё яралгандан бери жавоб излаб келади. Шубҳасиз, ҳалол ва тўғри яшашга интилиш инсон фитратига тааллуқли олий туйғу. Хоразмлик буюк аллома Маҳмуд аз-Замаҳшарий бу ҳақда шундай дейди: «Ҳалол ва покиза киши доимо хотиржаму тинчликдадир, бировга хиёнату ёмонлик қиладиган киши ҳалокатга гирифтордир».
Дарҳақиқат, фақат иймонли кишиларгина поклик ва ҳалоллик, диёнат, эзгулик, меҳр-оқибат этагидан тутади. Иймон – киши маънавияти, ахлоқининг негизи саналади. У диний ва дунёвий иймонга бўлинади. Диний иймонда кўпроқ Оллоҳга, дунёвий иймонда одамийликка, чин инсонийликка урғу берилади. Уларнинг ҳар иккови ҳам аслида кишини чинакам, бош ҳарфлар билан ёзилувчи ИНСОН бўлиб тарбия топишига қаратилган. Дунёвий иймон инсонийликнинг муҳим шартлари – диёнатлилик, меҳр-шафқатлилик, поклик ва ҳалолликни ўз ичига олади.
Ҳалол — бу инсонлар учун рухсат қилинган яхши, ижобий ишлар, хатти-ҳаракатлар мажмуаси бўлиб, инсон меҳнати эвазига топилган нарсалар, шунингдек, пок ва тоза озиқ-овқатларга ҳам ҳалол мақоми берилади.
Унинг янада кенгроқ маънодаги жиҳатлари бу турмушдаги ҳалоллик, ўзаро муомала-муносабатдаги ҳалоллик, жамоа орасидаги ҳалоллик, савдо-сотиқдаги ҳалоллик, дўстлар ўртасидаги ҳалоллик ва шу кабилардир. Юраги, қалби пок ва тоза, ҳалол йўлдан юрган инсонлар ҳамиша хотиржам бўлади, кўнгли равшан, доимо сиҳат-саломат юради.
Ўзбек халқида «Қуш уясида кўрганини қилади», деган нақл бор. Демак, оила ҳалоллик тамойилига асосланса, ота-онанинг ўзи пок ва ҳалол бўлса, фарзандлари ҳам шу руҳда камол топади.
Поклик ва ҳалоллик – иймонли бўлишнинг асосий шарти ҳисобланади. Инсондаги яхши ёки ёмон хислатлар улар тановул қилган луқмага боғлиқдир. Бу ҳақда Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг «Васиятнома» асарида «Ҳалол луқмани тановул қилгил. Чунки ҳалол таом Аллоҳга нисбатан барча вазифаларнинг бажарилишига калит бўлиб хизмат қилади. Жаҳаннам ўтига дучор бўлмай десанг, ҳаромга берилиб кетма…», дейилган.
Глобаллашув шароитида ёш авлодни маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, уларда поклик ва ҳалоллик одобини шакллантириш, ҳаромдан ҳазар қилиб яшаш кўникмасини ҳосил қилиш вазифаси долзарб аҳамият касб этиб турибди. Чунки нафақат шайтон, балки инсон қиёфасидаги кимсалар ҳам улар қалбига доимо рахна солишга, ёшларни йўлдан адаштиришга, ҳалоллик, поклик йўлидан қайтаришга уринади. Шунинг учун биз устозлар, ота-оналар, маҳалладошлар, мураббийлар доимо иймон, поклик ва ҳалоллик йўлида ҳушёр туришимиз керак.
Мавлуда РАҲМОНОВА,
Бухоро шаҳридаги Зармед университети ўқитувчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг