Гул сайли Учқўрғонга ҳам кўчди
Фото: «Халқ сўзи»
Ўтган ҳафтада Наманган шаҳрида бошланган ва қизғин давом этаётган анъанавий Халқаро гуллар фестивали доирасидаги тадбирлар икки дарё оралиғида жойлашган сўлим Учқўрғон туманида ҳам тантанавор суръатда ўтказилди.
Вилоят туманлари орасида биринчи бўлиб бундай анжуманни бош берган учқўрғонликлар туман марказидаги маданият ва истироҳат боғини гулу чечакларга буркади. Байрамга тайёргарлик жараёнида бу ерга 100 дан ортиқ турдаги бир миллион тупдан зиёд гуллар ўтқазилиб, бир-бирини такрорламайдиган ўнлаб тематик композициялар ташкил этилди.
Вилоят марказида шаклланган анъанага мос равишда бу ерда ҳам гуллар билан безатилган автомашиналар карвони иштирокида нафосат ва гўзаллик паради уюштирилди. Кун бўйи давом этган бадиий дастур ва кўнгилочар томошалар байрам иштирокчиларига бир олам қувонч ҳадя этди.
Барчага бирдай ёқиб тушган гуллар байрами энди Учқўрғонда ҳам ҳар йили ўтказиладиган бўлди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг