Ғозғонда каштачи аёллар сафи кенгаймоқда
Касаначилик бандлик, айниқса қишлоқ ҳудудларида аёлларни иш билан таъминлашнинг ўзига хос фаолият тури саналади. Бунда оила бекалари ҳовлисидан чиқмаган ҳолда ишлаш ва даромад топиши, муҳими жамиятдаги жараёнларда фаол иштирок этиши мумкин. Афсуски, узоқ йиллар мазкур фаолиятнинг мана шу жиҳатлари унутилиб, касаначилик на жамиятга ва на аёлларга наф келтирмади.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 апрелдаги “Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши соҳа равнақида янги даврни бошлаб, унга кўра, 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январгача касаначиларга даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, 1 ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланиши, касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар каби амалга ошириши белгиланди. Шунингдек, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидия ажратиладиган бўлди.
— Яна бир ҳужжат – мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотинқизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан соҳадаги ўзгаришлар яна бир босқичга кўтарилди, — дейди Навоий вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази бош мутахассиси Гулҳаё Равшанова. — Мазкур қарор асосида 2022 йил 1 октябрдан бошлаб касаначига зарур асбоб-ускуна харид қилиш учун тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган субсидия миқдори амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача ошириш, “Аёллар дафтари”га киритилган камида 5 нафар ишсиз хотин-қизни касаначилик асосида ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидаги бино ва иншоотларни ижарага олишда ижара ҳақи 50 фоиз миқдорда ундириш, ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган ва ходимлари умумий сонининг камида 70 фоизи “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бўлган касаначиликни ташкил этган ва имтиёз берилган даврда уларнинг бандлигини сақлаб қолган тадбиркорлик субъектлари давлат мулкидаги бино ва иншоотлар учун ижара ҳақи тўловидан 2027 йил 1 октябрга қадар озод этиш чоралари белгиланди.
Ушбу чора-тадбирлар чекка ҳудудларда ўз самарасини кўрсатмоқда. Хусусан, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрида каcаначилик фаолиятини намунавий йўлга қўйишга асос бўлиб, бугун ҳудудда 60 га яқин хотинқизлар миллий ҳунармандчилик йўналишида касаначилик орқали ўзини ўзи банд қилиб, оилавий даромад манбаига эга бўлишган.
— Касаначилик асосида ишга жалб этган ҳар бир аёлни оиламнинг бир аъзоси сифатида қабул қиламан, — дейди ташаббускор тадбиркор Ҳамиза Бобоназарова. — Қарийб ўттиз йилдан буён каштачилик билан шуғулланиб, 100 дан ортиқ шогирдлар тайёрладим. Бугун бир йилнинг ичида 20 нафарга яқин шогирдларнинг қўлини каштага ўргатганлигим билан фахрланаман. Шунинг баробарида мамлакатимиз раҳбари қарори билан тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланмоқдаман.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, бугун шаҳарда касаначиликнинг каштачилик кўринишидаги ушбу тури аёллар бандлигини таъминлаш билан бирга, миллий қадриятларимизнинг оммалашуви, ҳудудларнинг сайёҳлик жозибадорлиги ортишига ҳам хизмат қилмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг