Гендер тенглик маданиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
11 февраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкент давлат шарқшунослик университетида «Гендер тенглик маданиятини ривожлантириш: оилавий қадриятлар, таълим сиёсати ва ижтимоий онг трансформацияси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий, таълимий ва ижтимоий асосларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиш, оила институтининг ўрнини мустаҳкамлаш, таълим тизимида замонавий ва инклюзив ёндашувларни кенгайтириш, шунингдек, жамият онгида ижобий трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Гендер масалалари бўйича республика комиссияси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, халқаро ва миллий ташкилотлар, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, олимлар ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова ҳамда қўмита аъзоси Малика Кадирханова гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг илм-фан, таълим ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.
Муҳокамада мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар, илмий ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш чоралари, таълим тизимида тенг имкониятлар муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунлари бўйича гендер тенглик маданиятини ривожлантиришга қаратилган илмий ва амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг