Газ баллонларидан тўғри фойдаланиш ўзингиз ва атрофингиздагиларнинг хавфсиз ҳаёти учун жуда муҳим
Фото: «Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасаси матбуот хизмати
Газ баллонлари билан боғлиқ ҳаёт учун хавф туғдирувчи вазиятларнинг олдини олиш ҳамда синовдан ўтказилмаган газ баллонларидан фойдаланиш орқали юзага келадиган оқибатларни кенг оммага етказиш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
«Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасаси матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, «Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасаси, Ўзбекистон миллий метрология институти ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ташаббуси билан «Europe GAS» масъулияти чекланган жамиятига уюштирилган пресс-тур ҳам шу мақсадда ташкил этилди.
Тадбирда халқаро аккредитациядан ўтган, газ баллонларини синовдан ўтказиш ваколатига эга ушбу корхонада транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларини қандай тартибда синовдан ўтказилиши ва хавфсизлик кўрсаткичлари қайси меъёрларга асосан текширилиши бўйича маълумотлар берилди.
Маълум қилинишича, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари томонидан газ баллон билан жиҳозланган автомобилларга меъёридан ортиқ газ тўлдириш каби қонунбузарликлар оқибатида охирги беш йил мобайнида ўрнатилган баллонларининг портлаши билан боғлиқ 3 та фавқулодда вазият содир бўлган. Бунинг оқибатида 23 та фуқаро вафот этган ва 20 та фуқаро оғир тан жароҳатлари олган.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари пресс-тур доирасида, шунингдек, Тошкент шаҳридаги «CARAT GAZ-OIL» газ қуйиш шохобчасида ҳам бўлиб автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатиш борасида хавфсизлик меъёрларига риоя этилиш қоидалари билан ҳам танишди.
Пресс-турда масъуллар томонидан ҳайдовчиларга автомобилни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида лоқайдликларнинг олдини олиш, газ балонларини белгиланган жойларда ўз вақтида синовларини амалга ошириш, ўзининг ва атрофдагиларнинг ҳаётига хавф туғдирадиган вазиятларга йўл қўймаслик юзасидан батафсил тушунчалар берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг