Ганга дарёси соҳилидан юзлаб қабрлар топилди. Улар коронавирус қурбонларига тегишли экани айтилмоқда
Фото: Reuters
Ҳиндистонда маҳаллий аҳоли учун муқаддас ҳисобланган Ганга дарёси соҳилида кўмилган юзлаб жасадларни топилди.
Бу ҳақда "Associated Press" ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Расмийларга кўра, шанба куни Уттар-Прадеш штати Праяграж шаҳрида Ганга соҳилида кўмилган 300 та жасад топилди. Марҳумлар коронавирус қурбонлари бўлиши мумкин.
Полиция ходими Кумар Сингхнинг сўзларига кўра, расмийлар ушбу ҳудудни "COVID-19" қурбонлари куйдириладиган жой сифатида белгилаган, лекин жасадлар дарё бўйига кўмилиши тақиқлаган.
Штат расмий вакили Навнит Сегал эса дафн этилганларнинг "COVID-19"га ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
10 май куни Ганг дарёсидан ўнлаб одамларнинг жасади топилганди ва улар ҳам эҳтимол коронавирус қурбонлари эканлиги айтилганди. Хусусан, мамлакат шарқидаги Биҳар штатида дарёдан камида 30 та мурда олиб чиқилган. Баъзи маҳаллий аҳоли вакиллари эса 100-150 атрофида жасад кўрганини айтган.
Тахминларга кўра, дафн маросимлари қимматлиги боис одамлар жасадларни дарёга ташлаган. Кейинчалик, Ҳиндистон ҳукумати жасадларни Гангага ташлашни дарҳол тўхтатишни талаб қилган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг