Финляндия компаниялари Ўзбекистондаги ичимлик суви билан боғлиқ лойиҳаларга қизиқмоқда

12:24 19 Апрель 2023 Жамият
996 0

Фото: Ҳасан Пайдоев, «Халқ сўзи»

Шу кунларда “Халқ сўзи» таҳририятининг ижодий жамоаси хизмат сафари билан Финляндияда бўлиб турибди.

Сафарнинг навбатдаги кунида ижодий гуруҳ Финляндиянинг “Finnish Water Forum” компаниясида бўлди. Бу ерда Финляндия Ташқи ишлар вазирлигининг сув ресурслари бўйича махсус вакили Антти Раутаваара, “Finnish Water Forum” компанияси лойиҳалар раҳбари Арво Нерман билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Финляндия сув форуми (Finnish Water Forum - FWF) ўз аъзолари орқали Финляндия сув секторидаги турли хил тажрибаларини ифодалайди. Қароргоҳи Ҳелсинки шаҳрида жойлашган ушбу ташкилот сув секторининг қўшма тармоғи ва кўп манфаатдор томонларнинг ҳамкорлик платформаси ҳисобланади. 130 дан ортиқ аъзо ташкилотларга эга FWF хусусий сектор компаниялари, тадқиқот институтлари ва университетлари, таълим муассасалари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотларининг сув бўйича жаҳондаги етакчи ноу-хау ва технологияларини бирлаштирган.

FWF Финляндия тажрибаси орқали глобал сув, иқлим ва биологик хилма-хиллик муаммолари учун барқарор ечимларни яратишда, секторлараро яқин ҳамкорликда сув ресурсларини барқарор бошқаришга комплекс ёндашувларни йўлга қуйишда кўмаклашади.

Қайд этиш жоизки, Финляндия жаҳондаги энг тоза экологияга ва яшил ҳудудларга эга давлатлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, Шимолий Европанинг ушбу давлати – ложувард кўллар, биллурдек тоза чашмалар мамлакати ҳамдир. Бу ерда 187 минг 888 та кўл бор ва уларнинг 85 фоизи истеъмол қилишга яроқли. Уларнинг сувлари истеъмол учун хавфсиз, ҳатто тотли ҳамда саломатликка фойдалидир.

Замонавий технологиялар ва лабораторияларга эга FWF ана шундай юқори сифатдаги обиҳаётни бутун дунё аҳолиси истеъмол қилиши тарафдори. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб бораётган ушбу тузилма жаҳон бўйлаб турли лойиҳаларни амалга ошириб келаётир.

Мулоқотда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда сув масаласи ниҳоятда долзарблиги, мамлакатда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётгани таъкидланди. Орол денгизи фожиасининг оқибатларини бартараф этиш юзасидан амалга оширолаётган ишларга юқори баҳо берилди. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер