Фин ўқитувчиси Зарафшондаги мактабда дарс беради
Иллюстратив фото
Президент томонидан 2020 йил 30 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда Финляндия мактабларидаги ўқитиш методика ва ўқув дастурларини ўрганиш ва республикамизда таълим тизимини ислоҳ қилишда уларнинг тажрибасидан ижодий фойдаланиш, лозим бўлса мутахассисларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти ҳокими Республикамиз Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари кўмагида 2020 йилнинг 12 декабрида Финляндиянинг Лаппеенранта шаҳри маъмурияти билан мулоқот ўтказиб, унинг самараси ўлароқ келишув меморандуми имзоланган эди.
Келишув меморандумига кўра, Лаппеенранта ҳамда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш кўзда тутилиб, у фан ва таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ҳам ўз ичига олган эди. Ушбу келишувни рўёбга чиқариш мақсадида Зарафшон шаҳри ҳокими А. Ражабов Лаппеенранта шаҳри маъмурияти билан(Республика ТИВ масъуллари кўмагида) онлайн мулоқот ўтказди.
Мулоқотда Зарафшон шаҳри ҳокими мамлакатимиз халқ таълими тизимини чуқур ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, таълим сифатини ошириш, ўқитувчи-устозлар нуфузини кўтариш мақсадида барча зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига атрофлича тўхталди.
Мазкур мулоқот самараси ўлароқ Лаппеенранта шаҳрига бориб ўқиши кўзда тутилган ўқувчиларга фин тилини ўргатиш ҳамда Зарафшон шаҳрида таълим тизимини ислоҳ қилиш ва тажриба алмашиш мақсадида мутахассис жалб этишга келишилди. (Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, 12 декабрь келишув меморандумида Лаппеенранта шаҳри маъмурияти ташаббуси билан Навоий вилоятидан 2 нафар лицей ўқувчиси грант ва 8 нафар ўқувчи қисман грант асосида Лаппеенранта шаҳрида ўқитилиши кўзда тутилган.)
Таъкидлаш жоиз, мазкур мулоқот ва келишув меморандумлари кимнингдир наздида навбатдаги тадбирдек туюлиши мумкин. Бироқ шу каби мулоқот ва келишувлар туфайли Зарафшонда Япониянинг нуфузли “Beeanz Inc.» компанияси билан ҳамкорликда IT академияси ташкил этилиб, ўқувчиларга япониялик малакали ўқитувчилар онлайн (масофавий) таълим беришаётганлигини инобатга олсак, шубҳаларга ўрин йўқлиги ойдинлашади. Демак, Зарафшондаги таълим муассасаларидан бирида яқин кунларда “Tervetuloa!»(хуш келибсиз!) финляндиялик устоз, деган сўзлар янграб қолса ажаб эмас.
Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг